АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри Бруклин туманида икки нафар ўзбекистонликнинг коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур маълумотни тасдиқлади.
Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари бўлган З.Ҳ. ва Ҳ.С. маҳаллий шифохоналарда коронавирус инфекциясидан вафот этган.
Вазирликнинг Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия изҳор этган ва чет элдаги Ўзбекистон фуқароларига коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича маҳаллий ҳокимият талабларига тўлиқ риоя этиш, оммавий тадбирларда қатнашмаслик, гавжум жойларга ташриф буюрмаслик ва барча эҳтиёт чораларини кўришни қатъий сўраган.
Вазирлик томонидан қайд этилишича, АҚШда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг Вашингтон шаҳридаги элчихонасига +1-202-887-5300 (ички.1) телефон рақами орқали ва Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонасига +1-212-754-7403 телефон рақами орқали мурожаат қилиши мумкин.
Маълумот учун, Ўзбекистонда ҳозиргача коронавирус инфекцияси оқибатида икки киши вафот этди, 30 киши эса касалликдан соғайишга муваффақ бўлди. Айни вақтда етти нафар беморнинг аҳволи оғир эканлиги, улардан икки нафари сунъий нафас олиш аппаратига улангани маълум қилинган.
Изоҳ (0)