Фарғона вилоятида карантин қоидаларига риоя қилмасдан тунги вақтда ниқобсиз, маст ҳолда велосипед ҳайдаб юрган фуқаро 15 суткага қамалди, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов.

Фарғона шаҳар маъмурий суди судьяси Солижон Қурбоновнинг қайд этишича, 1 апрель куни соат тахминан 22:30 ларда Фарғона кўчасида фуқаро Б.Ю. карантин қоидаларига риоя қилмасдан ниқобсиз, велосипед ҳайдаб юрган. Фарғона шаҳар ИИО ФМБ 2-сон профилактика инспектори уни тўхтатиб, карантин вақтида нима сабабдан жамоат жойида ниқобсиз ва маст ҳолда велосипед бошқариб кетаётганини сўраган. Б.Ю. жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, сабабсиз бақир-чақир қилиб, профилактика инспекторини ҳақорат қилиб, фуқароларнинг осойишталигини бузган.

Фуқаро хатти-ҳаракати жорий йил 2 апрель куни Фарғона шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилган. Б.Ю. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми, 138-моддаси 5-қисми (Пиёдалар ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши), 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми билан айбли деб топилиб, 15 суткага қамалди.