Ўзбекистонда 29 март куни аниқланган коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 29 та янги ҳолатнинг олтитаси Наманган вилоятида қайд этилган. Бу ҳақда Наманган вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи ўринбосари Давлатали Қосимов маълум қилди. Вилоятда коронавирусга чалинганлар сони 12 нафарга етган.

12 март куни Туркия орқали Умра зиёратига бориб келиб, уй карантинида назоратда бўлган Наманган шаҳрида яшовчи 51 ёшли аёл коронавирус инфекциясига чалинганликда гумон қилиниб, 24 март куни юқумли касалликлар шифохонасига карантин кузатувига ётқизилган. Унинг коронавирус инфекцияси билан зарарлангани 26 март куни тасдиқланган.

Инфекция бу аёлдан унинг онаси, синглиси, қизи ҳамда неварасига ҳам юққанлиги (аёл Умра зиёратидан қайтгач, камида 231 киши уни кўргани хонадонига меҳмон бўлиб келган), коронавирусга чалинган 72 ёшли онаси 27 март куни тонгда миокард инфаркти оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берилган эди (онахоннинг жанозасида бирорта ҳам қариндоши қатнашмаган).

29 март куни тонгда ушбу аёлнинг карантин кузатувида бўлган яна беш нафар қариндошида — бошқа бир синглиси, синглисининг келини, акаси, акасининг рафиқаси, жияни ҳамда унинг онасига тиббий хизмат кўрсатиб келган патронаж ҳамширасида — жами олти нафар фуқарода коронавирус инфекцияси борлиги аниқланди.

Ҳозирги кунда ушбу фуқаролар билан оилавий яқин мулоқотда бўлганларнинг барчаси вилоят юқумли касалликлар шифохонасига, иккиламчи мулоқотда бўлганлар эса махсус жиҳозланган изоляторларга жойлаштирилган. Ҳозирда уларнинг соғлиги малакали мутахассислар томонидан назорат қилиб борилмоқда.

«Ҳурматли Наманган вилояти аҳолиси! Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази номидан сиздан уйдан чиқмасликни, коронавирус профилактикаси бўйича барча берилаётган маслаҳат ва талабларга қатъий амал қилишингизни сўраб қоламиз. Ҳаётингиз, оилангиз, фарзандларингиз, невараларингиз, ота-онангиз ҳамда халқимиз келажагини хатарга қўйманг», — деди Давлатали Қосимов.

Эслатиб ўтамиз, 29 март соат 14:00 ҳолатига Ўзбекистонда 133 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди, беморларнинг икки нафари вафот этган, етти нафари соғайган. Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида мамлакатдаги деярли барча йирик шаҳарлар ёпилган, вилоятлараро ҳаракатланиш тўхтатилган, 30 мартдан бошлаб эса махсус рухсатномаси шахсий автомобилда ҳаракатланиш тақиқланди.