Наманганда коронавирус инфекциясига чалинган биринчи бемор билан мулоқотда бўлган 54 киши шифохона ва изоляторларга жойлаштирилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи ўринбосари Давлатали Қосимовга кўра, коронавирус инфекцияси тарқалган ҳудудлардан келган ва улар билан мулоқотда бўлганлиги аниқланган 30 нафар фуқаро 24 март, сешанба куни, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига карантин кузатуви учун ётқизилган ва вирусология лабораториясида текшириш учун намуналар олинган.
Таҳлил натижаларига кўра, Наманган шаҳрида яшовчи бир нафар фуқародан олинган намуналарда коронавирус инфекцияси борлиги аниқланган.
«Олиб борилган эпидемиологик суриштирувлар жараёнида 1995 йилда туғилган ушбу фуқаро 2020 йил 12 март куни Истанбул—Тошкент рейси билан Ўзбекистонга келгани ҳамда 24 мартгача уй шароитида тиббиёт ходимлари томонидан тиббий кузатувга олинганлиги маълум бўлди. Ушбу фуқаро тадбиркорлик учун Туркияга бориб қайтган. Ҳозирги кунда ушбу фуқаро билан оилавий ва яқин мулоқотда бўлган 11 киши вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди. Шунингдек, у билан иккиламчи мулоқотда бўлган 43 нафар фуқаро махсус жиҳозланган изоляторларга жойлаштирилди», — дейди Давлатали Қосимов.
Мазкур 54 нафар фуқародан вирусологик текширув учун намуналар олинган, ҳозирда лаборатория таҳлиллари давом эттирилмоқда. Туркиядан қайтган шахс билан мулоқотда бўлганларни аниқлаш бўйича эпидемиологик-суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)