Америкалик таниқли актёр Норман Ридус ҳамда унинг тумуш ўртоғи Диана Крюгер Лос-Анжелесдаги Chateau Marmont меҳмонхонаси яқинидан 8,5 миллион долларга кошона сотиб олди. Hello нашри ушбу жуфтликка тегишли уй бўйлаб экскурсия уюштирди.
Таъкидланишича, кошонанинг эгалари аввалига уни 13 миллион долларга сотмоқчи бўлган.
1920 йилларда қурилган уй тўрт қаватли бўлиб, ташқи кўринишидан ўрта асрларга оид қасрларни ёдга солади. Умумий майдони 718 метр квадрат бўлган уйда 4 та ётоқхона, 5 та ювиниш хонаси ва яна иккита қўшимча санузел мавжуд. Қаватлар сони кўплиги сабаб архитекторлар икки даражали ошхона ва меҳмонхонани яратишга муваффақ бўлган. Юқорига кўтарилиб, спорт залга, уй кинотеатри, шахсий овоз ёзиш студияси ҳамда кутубхонага дуч келиш мумкин.
Ҳовлининг ўртасида овалсимон бассейн, ўриндиқлар, дарахтлар остида беланчаклар, барбекю учун алоҳида зона жойлашган. Уйнинг ташқи томонида жойлашган балконлар табиат гўзаллигидан баҳраманд бўлиш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, 43 ёшли Крюгер ҳамда 51 ёшли Ридус қиз фарзандини дунёга келтиришидан ярим йил олдин Нью-Йорк марказидан квартира сотиб олишган эди.
Диана Крюгер 2018 йилнинг 2 ноябрида биринчи бор она бўлган. Ота-она ҳамон қизнинг исмини сир тутиб келишмоқда. 2019 йилнинг январида Диана ва Норман папарацияга мурожаат қилиб, ўзларининг шахсий ҳаётларини ҳурмат қилишлари ва қизини суратга олмасликларини сўраган. Шунга қарамай мухбирлар уларнинг ортидан «қувиш»ни давом этмоқда. Барчасидан безор бўлган она апрель ойида биринчи бор қизини дунёга кўрсатган эди. Орадан бироз вақт ўтиб, Диана шахсий ҳаёти ҳақида интервью ҳам берган.
Изоҳ (0)