«Дарё» таҳририятига Тошкент вилояти Бўка туманида яшовчи Файзулло Аҳмедов мурожаат қилиб, геморрагик васкулит касаллигига чалинган фарзандига моддий ёрдам сўради.

Исмим Файзулло. Бўка туманидаги Муҳаммад Юсуф кўчаси 42-уйда яшайман.

Бир ўғил ва уч қизим бор. Ўғлим Комилжонда 2018 йил мартда геморрагик васкулит касаллигининг аломатлари аниқланган. Шундан кейин кўп даволатдик. Анча гормонлар олди. Соғлиғи яхши томонга ўзгариб, ўқишга ҳужжат топширди.

2018 йил Ўзбекистон Миллий университетининг География ва геодезия факультетига грандга кирди. Жуда ҳам хурсанд эдик. Лекин 2019 йилнинг октябрида ўқишга кетаётган жойида ҳушидан кетиб қолди. Шифохонага олиб бордик, анализлар олишди. Шифокорларнинг айтишича, сурункали буйрак етишмовчилиги аниқланибди. Бу васкулитнинг асорати экан. Бу касаллик камдан кам одамларда учраркан.

Ҳозир ўғлимнинг иммунитети тушиб кетган. Шифокорларнинг айтишича, ташқаридан кирган зарарли вируслар ички аъзоларини емираётган экан. Вируслар аввал буйрагига, кейин жигари ва юрагига ўтаркан.

Уларни фақат даволаб тўхтатиш мумкин холос

Афсуски, Ўзбекистонда бу касалликни даволаб бўлмас экан. Ҳиндистонга боришимизни тавсия қилишди. Ҳинд шифокорлари билан гаплашдик. Улар ҳозир касаллик энг ривожланган пайтдалиги учун даволаш осон бўлмаслигини айтишди.

Даволаш учун 6-7 минг АҚШ доллари атрофида пул керак экан. Ундан кейин операция. Жарроҳлик амалиётига эса 16 минг доллар пул зарурлигини айтишди. Бундан ташқари ҳужжатлар, йўл харажатлари ҳаммаси бўлиб, 25 минг доллар атрофида пул керак.

Ҳаракат қиляпмизу, қўлимиз бироз калталик қиляпти

Боримни сотиб бўлдим. Уйимни ҳам яқинда сотувга қўйдим. Ёрдам сўраб бормаган жойим қолмади. Охири сизларга мурожаат қилдим. Фарзанд экан, кўзингиз қиймайди. Уйга кирсангиз мунғайиб ўтиради.

Ҳозир буйраги ишламаётгани учун ухлолмаяпти. Кунда бир соат, ярим соат ухласа ҳам ўтириб ухлайди холос. Ётса, ҳаво етмай қолади. Агар кунора муолажа олмаса, аҳволи янада оғирлашади.

Олти ойдан бери кунора шифохонага борамиз. Битта курсимиз 400-500 минг сўмга тушяпти.

Одам қийналиб кетди. Ўзингизни жонингиз оғриса, майли экан, сабр қиласиз. Лекин жонингиздан ортиқ тилаб олган фарзандингиз шу кўйга тушса...Кўриб, тамом бўляпман. Болам кўз олдимда сўлиб боряпти, менинг эса қўлимдан ҳеч нарса келмаяпти...

Турмуш ўртоғим уй бекаси, мен эса мавсумий ишда ишлайман. Уйимни сотувга қўйганман. Лекин харидорлар 12 минг доллардан ортиғига кўнмаяпти. Сотганимда ҳам бу сумма операциянинг ярмига ҳам етмайди.

Бор умидим Қодир Аллоҳдан ва саховатли юртдошларимиздан. Илоҳим, ҳеч ким болам, деб йиғламасин. Яккаю ягона ўғлимнинг соғайиб кетишига ёрдам беришларини сўрайман.

Тожибоев Комилжонга хайрия қилмоқчи бўлганлар учун маълумотлар:

Пластик карта орқали

Тожибоев Комилжон номига очилган

«Асакабанк»: 86 00 13 09 47 93 61 77

Паспорт маълумотлари:

Аҳмедов Файзулла AC 004 57 32

Отасининг телефон рақами:

+998 93 112-10-35