Наманган шаҳрида янги кутубхона тақдимоти ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
6400 квадрат метр майдонга эга мазкур иншоот шаҳарнинг энг кўркам биноларидан бири бўлиши, бу ерда Давлатобод даҳаси аҳолиси учун замонавий зиё маскани қад ростлаши кутилмоқда.
Лойиҳа меъмори, туркиялик мутахассис Гурай Каймакнинг айтишича, Туркияда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи чоғида очилган халқ кутубхонасига монанд 4 қаватли кутубхонада бир пайтнинг ўзида 500 нафар китобхонга хизмат кўрсатилади. Уни барпо этиш жараёнида энг замонавий қурилиш материаллари ишлатилади.
Кутубхона бир неча юз минг китобга мўлжалланган архив, ўқиш заллари, компьютер хоналари, қаҳвахона, болалар майдончаси ва фавворалардан иборат бўлади.
Бино қурилиши учун 25 миллиард сўм ажратилган бўлиб, кутубхона шу йил сентябрь ойида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)