Бундан 16 йил муқаддам узоқ йиллар давомида «қиёмат куни»дан кейин инсониятни тирилтиришини таъкидлаб келган Сёко Асахарага қатл ҳукми ўқилди. «Дарё» колумнисти Нурбек Алимов анъанавий тарих рукнида Японияни даҳшатга солган террор ҳақида ҳикоя қилади.
2004 йилнинг 27 февраль куни Японияда «Аум Синрикё» деб номланган тоталитар диний мазҳаб етакчиси Сёко Асахара ўлим жазосига ҳукм қилинди. У ўз «башорати» ўрнига Токио метросида ватандошларига қарши кимёвий ҳужум уюштирди, улар сектанинг парламентга кўрсатган номзодларини қўллаб-қувватламагани учун қатл қилинган эди.
Воқеа қандай бошланди?
Гомеопатия ва қалбаки дори-дармон савдоси билан шуғулланувчи Сёко Асахара 80 йиллар охирида Японияда машҳурликка эришди ва ўз издошларига касалликлардан халос бўлиш, илм олиш ва бошқа имтиёзлар ваъда қилди. Ташкилотнинг таълимоти жуда ғалати эди, у ўзига бирданига буддизм, таоизм, тантризм, ёга ва христианлик унсурларини бирлаштириб, тарғибот ишларини Япониянинг энг олди университетларида олиб борди. Шунинг учун «Аум Синрикё»нинг иккинчи норасмий номи «элиталар дини» эди. Асахара эса ўзини Исо Масиҳ, Шиванинг дунёвий таналаридан бири ва қайта туғилган Будда деб ҳисоблади.
Шу билан бирга, ташкилот қатъий иерархик принциплар асосига қурилди. Секта амалиётида психофизик машқлар, экстатик ташаббус, масалан, ўз йўлбошчисининг «қон ва спермасини бирлаштириш» маросимлари бунга мисол бўла олади.
Баъзи ҳолларда маросимларда гиёҳванд моддалар ҳам ишлатилган. Бора-бора секта аъзоларининг мажбуран ушлаб турилиши ва ҳаттоки душманларининг ўлдирилиши ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўла бошлаган.
Ташкилот қандай ривожланди?
1990 йилда Асахара ва яна «Аум Синрикё»нинг 24 аъзоси муваффақиятлар ва машҳурлик тўлқини ортидан Япония парламентининг Вакиллар палатасига номзод бўлишга қарор қилди.
Бироқ юқорида айтилган жирканч ишларнинг барчасидан келиб чиққан ҳолда, аҳоли орасида сектага нисбатан салбий муносабат кучаяди, сайловчилар унинг вакилларини қўллаб-қувватлашдан бош тортади. Шундан сўнг, «Аум Синрикё» таълимотида қиёмат элементлари ва жамиятга нисбатан душманлик пайдо бўлади.
Асахара ўз издошларини Учинчи жаҳон уруши бошланиши, уруш оқибатида ер юзидаги деярли барча инсоният ҳалок бўлиши, баъзи танланганларгина бундан мустасно эканига ишонтира бошлайди. Бу ядровий Армагеддон 1997 йилда, Япониянинг АҚШга қарши уруши ортидан бошланади деб уқтиради.
Асахара «Аум Синрикё»нинг вазифасини «охир замон»дан омон қолишда деб билди. У ерости бункери қурди ва 20 кишидан иборат дунё ҳукумати вазирларининг рўйхатини туза бошлади.
Айзек Азимовнинг нима алоқаси бор?
Асахара таълимотидаги кайфиятга америкалик фантаст ёзувчи Айзек Азимовнинг ижоди катта таъсир қилган. Асахара ўзини Азимов романларининг қаҳрамонларидан бири — галактик цивилизацияни тиклаш мақсадида дунёдаги энг яхши олимлардан иборат яширин жамият яратишга ҳаракат қилган математик Гари Селдон образида кўрган.
Бу вақтга келиб секта раҳбарлари, жумладан, Асахаранинг ўзи ҳам Россияга қурол сотиб олиш учун ташриф буюриб, вертолётлар, танклар ва Калашников автоматларини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб борди.
Теракт
1995 йил жамоатчилик босими остида Япония полицияси «Аум Синрикё» биноларида оммавий тинтувларни амалга оширди. Шундан сўнг Асахара ўз издошларига дарҳол теракт амалга оширишни буюрди.
20 март куни сектанинг ўнта аъзоси бир вақтнинг ўзида суюлтирилган зарин гази тўлдирилган пакетларини тешиб, Токио метросида қолдиради, ўзлари ер юзига кўтарилиб, машиналарга ўтирганча ғойиб бўлади. Натижада, турли манбаларга қараганда, 12 тадан 27 тагача одам вафот этади ва 5 мингдан ортиқ киши жароҳатланади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, ҳужумда ишлатилган зарин моддаси ҳавога пуркаб ташланганида, қурбонлар сони мингтадан ошиб кетган бўлар эди.
Суд
Худди шу йили Асахара ва ўнлаб секта раҳбарлари ҳибсга олинди. Ҳаммаси бўлиб 200 дан ортиқ киши суд курсисида эди. Улардан 13 нафари ўлимга ҳукм қилинди. Асахарага эса 2004 йилнинг 27 февраль куни ўлим ҳукми ўқилди. Аммо суд ижроси 14 йил кутилди. Чунки Япония қонунларига кўра, ҳукм жиноятда иштирок этган барча шахслар устидан қарор қабул қилингандан кейин ва барча апелляция инстанцияларидан ўтилгач амалга оширилиши мумкин эди.
Суд жараёнида сектанинг бир неча аъзолари метродаги ҳужумни ўша пайтдаги Россия иқтисодиёт вазири Олег Лобовнинг ёрдами билан амалга оширганини айтган. Уларнинг сўзларига кўра, зарин ишлаб чиқариш учун ҳужжатлар ундан сотиб олинган. Бироқ Токио суди унинг бу ишда иштирок этганини исботлай олмади. Лобовнинг ўзи бу айбловларни ҳеч қачон изоҳламади.
«Аум Синрикё» Россияда
Россияда «Аум Синрикё» тарафдорлари жуда кўп эди. Баъзи маълумотларга кўра, 1995 йилда Россия Федерациясида сектанинг 50 минг аъзоси бўлган. Японияда эса 10 минг нафар.
2002 йил Россияда «Аум Синрикё»нинг уч аъзоси турли муддатларга қамалди, улар Асахара ҳибсга олинганидан кейин Японияда теракт уюштиришни режалаштирди. Улардан камида 12 та кучли портлаш учун етарли бўлган қурол ва портловчи моддалар тортиб олинди.
2016 йил Россияда «Аум Синрикё» издошлари деб ҳисобланган «Алеф» уюшмасига қарши жиноий иш очилди, улар ўзларини япон машҳур сектасининг меросхўри деб эълон қилган эди. Худди шу йили «Аум Синрикё» Россия Федерациясида террористик ташкилот сифатида тан олинди.
Қатл
2018 йилнинг 6 июль куни Сёко Асахара Токио турмасида осиб ўлдирилди. Шу куни унинг яна 6 нафар издоши ҳам қатл этилди. Япониялик журналистларнинг сўзларига кўра, қатл этилишидан олдин маҳкумларга чой ичиш ва ибодат қилиш имконияти берилган. Ҳукмни уч киши ижро этган.
Ҳозирда «Аум Сенрикё» ташкилотининг атиги бир неча юз издошлари қолган, улар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг кузатуви остида, шунинг учун қатллар орқали замонавий тарихдаги энг сирли ва қонли диний секталардан бирининг тугатилишига ишониш мумкин.
Изоҳ (0)