Ўзбекистонда 2020 йилда автомобиль импорт қилиш ҳажми кескин қисқарди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълумотларига таяниб, Spot хабар берди.

Фото: «Дарё»

2020 йилнинг январь ойида Ўзбекистонга импорт қилинган автомобилларнинг қиймати 25,5 миллион долларни ташкил қилган. Бу 2019 йил январь ойидагига қараганда 28,4 миллион долларга камроқни ташкил қилади.

Нашрнинг ёзишича, бундай кескин қисқаришга 2019 йилда нархи 40 минг доллардан ортиқ бўлган автомобиллар импорти учун имтиёзлар амалда бўлгани ва 2020 йилнинг 1 январидан мазкур имтиёзларнинг бекор қилингани сабаб бўлган.

Аввалроқ «Ўзавтосаноат» ички бозорда BMW ва Toyota билан рақобат қилмоқчи эканлигини билдирган, чунки 2019 йилда мазкур компанияларнинг премиум синфидаги автомобиллари импорти анчагина ўсган. Айнан ана шу сегментдаги BMW автомобиллари импорти ўтган йилда 2018 йилга нисбатан 400 марта ортган, Toyota’да эса ўсиш 200 мартани ташкил қилган.

Шунингдек, «Ўзавтосаноат» хорижий автомобилларга нисбатан имтиёзларнинг бекор қилинишига алоқадор эмаслигини билдирган.