Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани «Халқобод» маҳалласида 14 февраль куни аҳоли ва ҳокимият вакиллари ўртасида тўқнашув юз бергани ҳақида хабар қилинганди. Олтинсой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ижтимоий тармоқ ва сайтларда тарқалган хабар ва видеоларда акс этган аҳоли ва ИИБ ходимлари ўртасидаги зиддиятли ҳолат юзасидан тушунтириш берди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан 2019 йил 1 майга қадар ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга «амнистия» эълон қилинган эди. Шу даврда 589 991 нафар фуқарога ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга мулк ҳуқуқи берилди.

Таъкидланишича, «Халқобод» маҳалласида яшовчи айрим фуқаролар эса «амнистия» муддати тугагандан кейин бу ҳудудда жойлашган фермер хўжалигига тегишли ер майдонига ноқонуний уй-жой қуриб олишган.

«Конституцияда белгиланганидек, ер умуммиллий бойликдир. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 20,2 миллион гектар ернинг атиги 20,7 фоизи суғориладиган ерлар ҳисобланади. Сўнгги 15 йилда аҳоли жон бошига суғориладиган ерлар 24 фоизга (0,23 га дан 0,16 гача) камайган. Бунда айрим шахслар томонидан қонунларни очиқчасига бузган ҳолда ерларни эгаллаб олиш ҳолатларининг ҳам таъсири бор, албатта.

Мамлакат аҳолисининг қарийб 16,4 миллиони (жами аҳолининг 49,4 фоизи) қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилишини ҳисобга олсак, бу каби ноқонуний ҳаракатларнинг ҳозир олди олинмаса, қишлоқ аҳолиси бандлигини, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таминлашдек стратегик ўта муҳим масалаларда муаммолар юзага келиши табиий ҳолдир.

Шу сабаб «Халқобод» маҳалласида яшовчи 6 нафар фуқаро томонидан ноқонуний равишда эгаллаб олинган «Оқ-олтин манзараси» фермер хўжалигига қарашли пахта ва ғаллага мўлжалланган экин ер майдонининг жами 0,39 гектари қайтарилиб, яшаш имконияти мавжуд бўлмаган  235,35 квадрат метр майдонида қуриб олинган уй-жой бинолари, албатта, бузилади. Аммо бу уларга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган захира майдонлардан ер ажратилиб, уй-жой қуриб олишларига амалий жиҳатдан кўмаклашилгандан кейин амалга оширилади. Ушбу ҳудудга борган комиссия азолари ҳам ўзбошимчалик билан қурилган уйларни буздириш учун эмас, асл ҳолатни ўрганиш учун борган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов «Халқобод» маҳалласи фуқаролари вакиллари билан учрашиб, вазиятга ойдинлик киритган.

«Аввал булар келишди… Ўзимизнинг ‘участковой’лар, ҳурматли прокуроримиз билан 4-5 киши бўлиб келишди. Шунақа-шунақа, бу ҳокимнинг нимаси (буйруғи — таҳрир.) дейишди. Булар эса ҳокимнинг ўзлари келсинлар, ўзимиз гаплашиб, муросага келамиз деди. Ярим соат ўтганидан кейин булар ‘Бўлди, ҳокимни олдига борамиз. Улар ҳозир селекторда эди, чиқиши билан келади’, дейишди. Орадан 40 дақиқа ўтмасдан булар панадан 30 та машинада кела бошлади. Тепамда Худо турибди, 40-50 та ‘мелиса’ бўлса, қолган яна 40 га яқин формада бўлмаган одамлар... Ҳеч нимадан ҳеч нима йўқ кела бошлади. Ўшалар бирданига ёпишиб кетди. 8, 9-синфда ўқийдиган мактаб болаларининг қўлларини қайириб олиб кета бошлашди. Шундан кейин булар уларнинг орқасидан чопишди...», — дейди қишлоқ оқсоқолларидан бири.

Ҳукуматнинг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарорида ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга ҳам компенсация тўлаш лозимлиги қайд этилган. Бунда компенсация фуқароларга қонуний тартибда тегишли бўлган ер участкаларидаги мулклар «снос»га тушганида, унда жойлашган ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар учун тўланади, холос. Бошқа ҳар қандай ҳолатда ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар учун компенсация тўланмайди. Яъни ер эгаллаб олинган ҳеч бир ҳолатда компенсация тўланмайди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари — парламентдаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Олтинсойда аҳоли ва ҳокимият вакиллари ўртасида юз берган зиддиятли ҳолатга муносабат билдирди. Воқеа юзасидан шу вақтгача асосан расмий доира (Ички ишлар вазирлигиБош прокуратура) вакилларининг муносабатлари эълон қилингани, жамоатчилик вакиллари расмийларнинг ушбу баёнотларини шубҳа остига олаётган бир вақтда халқ вакилининг «айбдорларни кескин жазолаш» талаби билан эълон қилган пости бир қатор фойдаланувчиларнинг эътирозларига сабаб бўлди.