15 февраль, шанба куни, ижтимоий тармоқларда ИИБ ходимлари ва аҳоли ўртасида тўқнашув содир бўлгани ҳақидаги видео тарқалди. Видеода таъкидланишича, аҳоли ва ИИБ ходимлари ўртасидаги можаро Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги «Халқобод» маҳалласида содир бўлган. «Дарё» мухбири воқеа тафсилотларини билиш мақсадида Олтинсой туманида бўлди.

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги воқеада вилоят ИИБ айни кунда Россияда юрган фуқаро — Аъзам Тошовни ҳам ходимларига тажовуз қилишда айблаган (аввалроқ республика ИИВ томонидан эълон қилинган баёнотда ҳам А.Тошев исми қайд этиб ўтилган эди). Бу ҳақда «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган олтинсойликлар маълум қилмоқда.

«Энг кулгилиси, вилоят ИИБ мазкур воқеа юзасидан фикр билдирганда ходимларига тажовуз қилганлар орасида Аъзам Тошов борлигини ҳам ёзган. Ҳолбуки, Аъзам Тошов айни кунларда Россияда ишлаб юрибди», — дейди халқободликлар.

Фото: «Дарё»

«Халқобод» маҳалла ҳудудидаги суғориладиган экин майдонларидан ноқонуний уй-жой қуриб олган аҳолининг маълумот беришича, уй-жой қуриб олган ерлари ҳақиқатан ҳам фермер хўжалиги ери бўлган.

«Бу ерларни 2008 йил фермердан олгандик, — дейди Сунбула Давлатова. — 2016 йил уй қуриш учун пойдеворини қурдик. Аммо ҳокимият вакиллари бузиб ташлашди. 2018 йилга келиб ўша ердан яна уй қурдик. Аммо бизга кадастр қилиб беришмади».

Қишлоқ аҳлининг таъкидлашича, Президент фармонига кўра 2019 йил 1 майгача давом этган акция даврида ҳам мазкур хонадон эгаларига кадастр ҳужжати берилмаган.

Аҳоли ноқонуний турар жойлар 2018 йил қурилганини айтса, Олтинсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати «Халқободдаги турар жойлар акция муддати тугагандан кейин қуриб олинган» деяпти.

«2018 йил қурилган уйимизнинг кадастр ҳужжатини олиш учун кўп ҳаракат қилдик, аммо бизга кадастр қилиб беришмади-да», — дейди Сунбула Давлатова.

Фотима Мирзаева (ўнгда)

Фото: «Дарё»

Маълум қилинишича, туман раҳбарлари 2020 йил 8 февраль куни ноқонуний уй-жой қуриб олган хонадон вакиллари ёнига келиб, уйни бир кунда бўшатишлари лозимлигини таъкидлаган. Ва 9 февраль куни уй-жойлари бузилишини маълум қилган. Аммо уйни бузиш ҳаракатлари 14 февраль куни бошланган.

«14 февраль куни 5 та хонадонни бузиш учун жуда кўп ИИБ ходими келди, — дейди қишлоқ аҳли «Дарё» мухбири билан суҳбати давомида. — Ходимларнинг барчаси ҳам формада эмасди. Ўша куни аҳолига қўл кўтарганлар орасида фуқаро кийимидагилар ҳам бор эди. 3 нафар аёлнинг мазаси қочиб қолди. 1 кишини уриб бошини ёришгани учун Термиз шаҳридаги шифохонада даволаняпти».

«Мени 10 метр жойгача судраб боришди, — дейди 53 ёшли Фотима Мирзаева. — Роса уришгач, ҳушимдан кетганман. Одамлар ҳимоя қилишган. Қўлларим ва оёқларим ишламаяпти. Келинимни ҳам судрашди. Ахир ўша ходимларнинг онаси тенги аёл бўлсам, менга шундай қилишгани инсофданми?»

Фотима Мирзаеванинг келини Заргул Холмуродова уни автобусга мажбурлаб чиқаришганини айтмоқда.

Заргул Холмуродова (ўртада)

Фото: «Дарё»

«Эрим ва қайнонамни судрашгач, уларни қутқариш учун мен ҳам уларнинг ёнига бордим, — дейди Заргул Холмуродова. — Мени ҳам судраб кетишди. Ҳомиладор эканлигимни айтишимга қарамасдан, кўтариб автобусга тиқишди. Автобусда ёш болалар ҳам бор экан. Автобус юргач, йиғлаб аҳволимни тушунтиришга ҳаракат қилдим. Шунда ярим йўлга етганда ташлаб кетишди.

71 ёшли Ғаффор бобо Мирзаевнинг маълумот беришича, 14 февраль куни аҳоли яшаётган уйни бузишга келганлар аҳоли норозилиги сабаб аввал ортга қайтган. Бир соат ўтар-ўтмас яна кўпчилик бўлиб бузишга киришган. Ва аҳолининг кескин қаршилигига дуч келган.

«Дастлаб бузманг, деганимиздан сўнг техникаларни ортга қайтаришди, — дейди Ғаффор бобо Мирзаев. — Бир соат ўтар-ўтмас эса 5 та машина 15 та машинага айланиб, уйларни бузишга киришди. Шунда ҳамма уларга қаршилик кўрсатди ва тўс-тўпалон бошланди. Аҳоли ўзини ҳимоя қилди. ИИБ ходимлари ҳам урди, одамлар ҳам урди. Фақат ИИБ ходимларининг ўзи келганда бу даражадаги тўпалон бўлмасди, уларнинг орасида бўлган фуқаро кийимидаги шахслар тўпалоннинг бу даражада кучайиб кетишига сабабчи бўлди».

Ғаффор бобо Мирзаев

Фото: «Дарё»

Воқеа гувоҳларининг қўшимча қилишича, туман ИИБ бошлиғи ҳам аҳолига қўл кўтарган.

«Туман ИИБ бошлиғи Мирзаев урушнинг бошида туриб, одамларни урдиргани етмагандек, ўзи ҳам одамларни урди, — дейди Ғаффор бобо Мирзаев. — Туман ИИБ бошлиғи халқ томонида эмас экан. Халқни ўйламади».

Видеода судраб кетилган кекса ёшдаги фуқаро Заргул Холмуродованинг отаси Ўринбой Холмуродов бўлиб чиқди.

«Қизим уйи бузилишга тушишини айтганди. ‘Ҳоким келармиш, прокурор келармиш, кексалардансиз боринғ, дейишганига боргандим, — дейди Ўринбой Холмуродов. — Мен бундай разолатни фақат киноларда кўргандим. Икки томон ҳам бир-бирига кесак ота бошлади. Куёвим одамларнинг оёғи остида қолиб кетган экан. Мени ҳам кимдир урдими ёки ўзим йиқилдимми, ўзимга келсам ерда ётган эканман. Шунда ИИБ ходимларидан бири менинг кўкрагимга урди. Зўрға оёққа туриб, автобус томонга бордим. Борсам, ‘Қизингни автобусга тиқиб олиб кетишди’ дейишгач, туман ИИБ га кетдим.

Ўринбой Холмуродовнинг айтишича, у ИИБ биносига борганда вояга етмаган 4 нафар боланинг оёқ кийими ечиб олиниб, бетонда тик турғизиб қўйилган ҳолатига кўзи тушган.

«ИИБга борганимда 4 нафар қишлоқ болаларининг оёқ кийими ечиб олиниб, бетонда оёқяланг турганини кўрдим, — дейди Ўринбой Холмуродов. — Ўша куни ҳаво совуқ эди. Ҳали у болалар ёш ва вояга етмаган уларнинг нима айби бор, қўйиб юборинглар, деб айтдим».

Ўринбой Холмуродов (ўртада)

Фото: «Дарё»

Қишлоқ аҳлининг таъкидлашича, ўша кунги тўпалон пайтида тоби қочган 3 нафар аёл Олтинсой туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилганда, шифокорлар уларни даволашни истамаган. Тонг азон 3 га қолмасдан уларни шифохонадан чиқариб юборган. ИИБга олиб борилганлар эса тушунтириш хат ёзиб олингач, қўйиб юборилган.

«Туман шифохонасидан аёлларни даволашмаётганини эшитганимиздан кейин боши ёрилган Илҳом Муҳаммадиевни Термиз шаҳридаги шифохонага олиб бордик», — дейди суҳбатдошлар.

Илҳом Муҳаммадиев

Фото: Telegram

«Дарё» мухбири билан телефон орқали мулоқот қилган Илҳом Муҳаммадиевнинг маълумот беришича, унинг бошини ИИБ ходимлари ёрган.

«Бошимга тош билан уришди, — дейди Илҳом Муҳаммадиев. — Икки кундан бери шифохонадаман».

Сурхонадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Заҳриддин Тўраевнинг «Дарё»га маълум қилишича, вилоят ҳокими Тўра Боболов Олтинсой туманига бориб, халқободликлар билан суҳбатлашган.

Фото: Олтинсой туман ҳокимлиги

«Вилоят ҳокими «Халқобод» маҳалласидаги 6 та хонадон вакиллари билан гаплашиб, туман ИИБ, прокуратура ва ҳокимлик масъуллари уйни бузишда бироз шошганини айтди, — дейди Заҳриддин Тўраев. — Ҳоким 6 та хонадон вакилларига бошқа жойдан ер участка берилиб, уй-жойларини қуриб битказишгач, экин майдонида қурилган уйлари бузилишини маълум қилди».

Фото: Олтинсой туман ҳокимлиги

Эслатиб ўтамиз, мазкур воқеага муносабат билдирган Бош прокуратура ноқонуний қурилган уй-жойлар «Оқолтин манзараси» фермер хўжалигига қарашли пахта ва ғаллага мўлжалланган экин ер майдонининг жами 0,39 гектарида эканлигини айтиб, 6 нафар фуқаро ерни ноқонуний эгаллаб, 235,35 квадрат метр майдонида яшаш имконияти мавжуд бўлмаган уй-жой бинолари қуриб олинганини ёзганди.