Бош вазир Абдулла Арипов Human хусусий бандлик агентлиги фаолиятидан жабр кўрганлар билан 17 февраль, душанба куни, бўлиб ўтган учрашувда хориждаги меҳнат муҳожирлари ва Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо бўлиши эҳтимоли ҳақида фикр билдирди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Фото: «Gazeta.uz»

«Евросиё иқтисодий иттифоқига кириш масаласида ҳозирда муҳокамалар олиб борилмоқда. Масала ўртага ташланган, ҳисоб-китоб қилинмоқда, қандай фойдаси бор, балки зарари бордир, ўрганилмоқда», — дея таъкидлади ҳукумат раҳбари.

Абдулла Ариповнинг маълум қилишича, Россияда 2,2 миллион ўзбекистонлик меҳнат муҳожири сифатида фаолият олиб бормоқда. «Бундан бизнинг ҳам юрагимиз ачийди, биз ҳам ҳамма бағримизда бўлиб, мана шу ерда ишлашини хоҳлаймиз... Ҳозир янги-янги иш ўринларини яратяпмиз», — деди бош вазир.

Ҳукумат раҳбарининг таъкидлашича, Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар ҳар ой мигрантлар учун жорий этилган патент ҳақини тўлашга мажбур бўлмоқда.

«Россияда ишлаётган 2,2 миллион одамнинг ҳар бири ойига 100 долларга яқин патент учун пул тўлайди. Бир йилда 1000 доллар пул кетади. Энди, агар Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўладиган бўлсак, тўғри, бу кимгадир ёқар, кимгадир ёқмас — ўзича сиёсатдонлар кўпайиб кетди: ‘Мустақилликни бериб қўямиз’, дейдиган. Кимга беряпмиз мустақилликни? Мустақилликнинг берилишини нимада кўряпсизлар, деб савол берадиган одамнинг ўзи йўқ», — деди Абдулла Арипов.

Бош вазирнинг таъкидлашича, мигрантлар учун патент бекор қилинадиган бўлса, хорижда ишлаётган 2 миллион ўзбекистонликнинг ихтиёрида бир йилда 2 миллиард долларга яқин пул қолади.

«Ўзбек уйим-жойим, болам дейдиган халқ. Ўша пулнинг асосий қисмини қаёққа юборади? Уйига. Бу Ўзбекистонга фойдами, фойда эмасми? Ўзбекистон халқига фойдами, фойда эмасми?», — деб савол қўйди ҳукумат раҳбари.

Абдулла Ариповнинг қўшимча қилишича, яқинда ҳукумат бу масалани парламентга олиб чиқади — «парламент кўрсин».

«Gazeta.uz»нинг ёзишича, Россиянинг йирик шаҳарларида мигрантлар учун меҳнат патенти қиймати 3738 рубль (тахминан 60 доллар)дан 5400 рубль (тахминан 85 доллар)гача фарқланади.

Аввалроқ Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратулла Рафиқов «Халқ сўзи» газетаси учун ёзган мақоласида Россиядаги ўзбекистонликлар ҳар йили меҳнат патенти тўлови учун 3 миллиард рублдан ортиқ маблағ йўқотмоқда.

2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 2 миллиард доллардан ошган эди.