Ўзбекистонда сўз эркинлигига мустаҳкам асос яратилди. Бу ҳақда 2 февраль, якшанба куни, бўлиб ўтган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг очилиш маросимида фонднинг Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.

Саида Мирзиёева

Фото: «Дарё»/Мадина Нурман

Маросимда сўзга чиққан Мирзиёева хоним Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган даврига тўхталар экан, қисқа, лекин самарали меҳнат натижасини берганини таъкидлаб ўтди.

«Сўз эркинлигига мустаҳкам асос ярата олдик. Бу Президентимиз олиб бораётган сиёсатнинг натижасидир.

Ҳозир ўз ишининг профессионалларини бирлаштириш вақти келди. Журналист ва блогерларга масс-медиадаги муаммолар маълум. Фикримча, мазкур фонд мана шу муаммоларни бартараф этиш ва олдимизга қўйган мақсадларимизни амалга оширишда муҳим олим бўлади.

Президентнинг қизи бўлиш — имтиёз эмас, жуда улкан масъулият. Фаолиятим давомида кўп бора мени танқидий таққослаш ҳаракатларини кузатдим. Мен масъулиятни чуқур ҳис қилмоқдаман ва жамоатчиликка фойда келтириш учун қўлимдан келган барча ишни қиламан».

Саида Мирзиёева, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари

Олдинроқ, 29 январь куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ўринбосари сифатида ишлаб келган Саида Мирзиёева истеъфога чиққан эди. 31 январь куни Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг Васийлик кенгаши раиси ўринбосари этиб сайланганди.

Эслатиб ўтамиз, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг асосий мақсади — оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш ҳамда журналист ва блогерларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда кўмак бериш, мамлакатда сўз эркинлигини мустаҳкамлашда жамоатчилик институтининг ролини ошириш, Ўзбекистоннинг халқаро имижини янада яхшилашга кўмаклашиш ва бошқалардир.