Қашқадарё ҳокими Зоир Мирзаев Ғузор ва Яккабоғ тумани раҳбарларини халқ билан мулоқот қилишни билмасликда айблади. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.

Фото: «Дарё»

Бугун, 28 январь куни, вилоятда Зоир Мирзаев раҳбарлигида аппарат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Ғузор тумани ҳокими Саъдулла Бобоқулов ва Яккабоғ тумани ҳокими Абдурасул Сафаров фаолиятига тўхталиб, туман раҳбариятини одамлар билан мулоқот қилишни билмасликда айблади.

«Ғузор ва Яккабоғ аввал одамлар билан гаплашишни ўргансин», — деган Зоир Мирзаев.

Маълумот учун, Ғузор тумани ҳокими Саъдулла Бобоқуловга сайловга тайёргарликда кўзбўямачиликка йўл қўйгани учун Зоир Мирзаевдан ҳайфсан олганди. Абдурасул Сафаров эса 2019 йил ёзида Яккабоғда «снослар» бўйича норозиликлардан сўнг ишдан олинган туман ҳокими Шоҳмурод Донаев ўрнига тайинланганди.

Йиғилишда, шунингдек, Косон туман халқ таълими бўлимига қарашли мактаб раҳбарининг пора олган ҳолати ҳам қаттиқ қораланган. Косон туманидаги 98-мактаб директори фуқарога ўрта-махсус мақомини берувчи қалбаки диплом тайёрлаб бериш ва ўша қалбаки диплом билан мактабга ишга қабул қилиш эвазига 800 доллар пора олаётганида қўлга олинганди.

«Косон туман халқ таълими бўлими журналист ва блогерлар учун матбуот конференцияси ташкил қилиб, мактаб директорининг пора олганига изоҳ берсин. Нима учун бундай ҳолатлар юз бераётганини айцин», — деди Зоир Мирзаев.

«Дарё» мухбирининг қўшимча қилишича, Зоир Мирзаев жорий йил вилоятдаги ташкилот раҳбарлари ва туман ҳокимлари ёшлар билан ишлаши лозимлигини айтган.

«Бу йил ҳаммамиз ёшлар билан ишлаймиз», – деди вилоят раҳбари.

Қайд этилишича, туман ва вилоят Кенгаши депутатлари ташкилот раҳбарлари билан бирга қишлоқ ёшларига бириктириладиган бўлган. Раҳбарлар депутатлар билан бирга ёшларнинг ишга жойлашиши, кредит олиб иш бошлаши ва келажакда ўз ўрнини топишига кўмаклашадиган бўлди.