Режиссёр Сарвар Каримов «Улар» дастурига берган интервьюси давомида қирғизистонлик киноижодкорлар билан ҳамкорликда суратга олинган «Сарвқомат дилбарим» фильмидаги бош қаҳрамонларнинг ўпишиш саҳнаси ҳақидаги саволга жавоб берди.

Маълумот учун, 2018 йилда экранларга чиққан «Сарвқомат дилбарим» фильмида бош ролларни ўзбекистонлик Адиз Ражабов ва қирғизистонлик Мадина Талибек ижро этган.

— «Сарвқомат дилбарим» фильмида бош қаҳрамон Илёс ва Асалнинг ўпишиш, бўса олиш саҳнаси бор. Актёрлар бунга қандай қаради? «Биз профессионалмиз, муаммо йўқ», дейишдими ёки қандайдир муаммо туғилдими?

— Биласизми, агар мен ўша саҳнани съёмканинг бошида, биринчи-иккинчи кунларда олганимда, улар учун бу ғалатироқ бўлиши мумкин эди. Шуни ҳисобга олиб, бу саҳна тасвирга олиш ишларининг охирроғида олинди. Адашмасам, бу актрисамиз Мадина Талибекнинг охирги съёмка куни эди. Унгача актёр ва актрисалар бир-бирини анча яхши таниб, дўстлашиб қолганди. Тўғри, Мадина ҳам сал уялди — барибир ёш қиз, турмушга чиқмаган, ҳижолатроқ бўлгандек бўлди. Лекин кейин: «Бу нарса асар учун керак», деди, Адиз ака ҳам яхши партнёр сифатида қўллаб-қувватлади. Шундан кейин бу саҳнани қийинчиликсиз олдик. Учта дублда.