Қашқадарёлик тадбиркор прокурорни ресторанига бостириб кириб, компьютерини тепиб синдиришда ва мижозларини жиноятчидек қўлини орқага қайириб, олиб чиқиб кетишда айбламоқда.

Ўткир Остонов

Фото: «Дарё»

Бу ҳақда «Дарё»га шикоят қилган қаршилик тадбиркор Ўткир Остонов воқеа 2020 йил 11 январь куни тунги соат 22:30 да содир бўлганини айтмоқда.

— Ҳар доимги иш вақтимиз Қарши шаҳар прокурори Актам Наврўзов ИИБ ходимларидан иборат 10-15 киши билан ресторанимизга бостириб кириб, мусиқа қўйилган компьютеримизни тепиб синдирди, ўйин-кулги қилаётган мижозларимизни эса қўлини орқага қайириб, жиноятчидек судраб олиб чиқди, — дейди Ўткир Остонов. — Сабабини сўрасам, «бола-чақанг борку, шундай ҳаром едирасанми?», — дея ўдағайлаб кетди. Мен эса қайси ишим хатолигини сўрадим. Жавоб беришмади. Хонамга чиқиб, кузатув камерасидаги видеолар ёзилган хотирани ҳам олиб кетишди.

Синган компьютер

Фото: Азиз Жуманазаров

Тадбиркорнинг «Дарё» мухбирига айтишича, «3 Palma» деб номланувчи ошхона-ресторани асосан кечки пайт фаолият юритади. У шу тадбиркорлиги билан 20 нафар кишини иш билан таъминлаган. Ҳар ой давлатга 8—10 миллион сўм солиқ тўлайди.

— Чойхонамнинг иш фаолияти сабаб 20 нафар кишини иш билан таъминлаганман, ойига 8—10 миллион сўм солиқ тўлайман, — дейди Ўткир Остонов. — Нега бундай муомала қилишди, тушунолмадим.

Фото: «Дарё»

Тадбиркорнинг айтишича, «тунги рейд»дан бир кун олдин Қарши шаҳар ИИБ бошлиғининг Элмурод исмли ўринбосари уни чақириб, кечки пайт 23:00 дан кейин фаолият юритмайман, деган мазмунда тушунтириш хати ёзиб беришини сўраган. Тадбиркор эса бу талабга жавобан тадбиркор сифатида 24 соат ҳам фаолият юритиши мумкинлигини, тунда иш фаолиятини давом эттириши учун барча талабларни бажарганини айтган. Ва тунги соат 23:00 да мусиқани ўчиришини, аммо овқатланиш учун ўтирган мижозларини ўша пайт чиқариб юборолмаслигини айтган.

Тадбиркорнинг аниқлик киритишича, тунги ресторанлар агар кузатув камералари ишлаб турса, қўриқлаш хизмати билан шартномаси бўлса ва бирор келишмовчилик юз берган пайт қўриқлаш ходимлари етиб келадиган «тревога» тугмаси ишлаб турса, у 24 соат фаолият юритиши мумкин.

— Бир кун олдин қўйилган талабни бажармаганим сабаб 2020 йил 11 январь куни бостириб келиб, зўравонлик қилишди, — дейди Ўткир Остонов.

Элбек Қурбонов

Фото: «Дарё»

Прокурорга қўйилаётган айбни ресторан ишчиси Элбек Қурбонов ҳам тасдиқлаб, воқеага гувоҳ бўлганини айтмоқда.

— Тасодифан 10—15 киши кириб келишди ва ичкарини сёмка қила бошлашди, орадан 10 дақиқа ўтар-ўтмас фуқаро кийимидаги бир киши стол устида турган компьютерни тепиб, синдирди. Ва мижозларнинг қўлини орқага қайириб, олиб чиқиб кетди.

Ноутбук эгаси Азиз Жуманазаровнинг айтишича, компьютерини ҳақиқатдан ҳам прокурор тепиб синдирган.

Азиз Жуманазаров

Фото: «Дарё»

— Компьютеримни синдиришгач, ресторан эгасига шикоят қилдим, — дейди Азиз Жуманазаров. — У киши «синдирган одамга боринг» — деди. Шу сабаб аввал прокуратуранинг 10-07 қисқа рақамларига, сўнгра Ички ишлар вазирлигининг 11-02 рақамига чиқдим ва шикоятимни қолдирдим. 15—20 кунда ўрганиб, натижасини айтамиз дейишди. Қонунларимизда мулк дахлсизлиги белгиланган-ку, нега прокурор менинг мулкимни яроқсиз ҳолга келтиради?

Тадбиркор Ўткир Остоновнинг маълумот беришича, мазкур мурожаатдан сўнг Қарши шаҳар 2-сонли ИИБ бошлиғи Алишер Жўраев тадбиркорни чақириб, Азиз исмли ишчисини чақиришини, мурожаатни ёпиш учун даъвойим йўқ деган тушунтириш хати ёзиб беришларини сўраган. Табиийки, тадбиркор буни рад этган.

Ўша куни ресторан мижозларига хизмат кўрсатган ишчи Дилдора Жамолова ҳам стол устидаги ноутбук тепиб синдирилганини, аммо тепган кишини танимаслигини билдирди.

Дилдора Жамолова

Фото: «Дарё»

— Ноутбук тепиб синдирилди ва бақир-чақир бошланди, шунда бизни ҳам хонадан чиқариб юборишди, — дейди Дилдора Жамолова. — Ноутбукни тепган кишини танимайман. Аммо мижозларнинг қўли қайрилиб олиб чиқилгани ҳам бор гап.

Воқеа содир бўлган куни ресторанда мижоз сифатида ўтирган Салоҳиддин Хушмуродов ҳамда Шоҳрух Жабборовнинг айтишича, ноутбукни фуқаро кийимидаги шахс тепиб синдирган. Ва Шоҳрух Жабборовни айнан ўша шахс тилга олиб бўлмайдиган сўзлар билан сўкиб, кўчага судраб олиб чиққан.

— Ўша компьютерни тепиб синдирган фуқаро кийимидаги киши аввалига мени ҳақорат қилди ва бўйнимдан ушлаб, кўчага судраб олиб чиқди. Миллий гвардия машинасида ИИБга олиб кетишди. У ерда ярим соат ушлаб туришиб, сўнгра қўйиб юборишди. Нега ИИБга олиб боришди, билмайман.

Синган компьютер

Фото: «Дарё»

«Дарё»га шикоят қилган тадбиркор ИИБ ходимлари олиб кетган кузатув камераси хотирасида барча воқеа ёзилганини айтиб, хотира ҳалигача қайтариб берилмаганини билдирди.

Мазкур ҳолатга изоҳ олиш мақсадида Қашқадарё вилояти прокуратураси ва Ички ишлар бошқармаси ахборот хизматига боғландик.

Вилоят ИИБ ахборот хизматининг айтишича, кузатув камераларининг хотираси 2019 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган воқеа (айтилишича, ўша куни мазкур ресторанда қасддан баданга оғир шикаст етказиш ҳолати кузатилган) интернет тармоқларида тарқалиб кетмаслигининг олдини олиш мақсадида олиб қўйилган. Қизиқ, воқеа 2019 йил 4 декабрь куни содир этилган бўлсаю, камера ёзувлари 2020 йил 11 январь куни олинган. Воқеадан бир ою беш кун вақт ўтгач, камерада ёзув борлиги ИИБ ходимларининг ёдига тушган бўлиб чиқадими шунда?

Вилоят прокуратураси эса мазкур воқеа хусусида ҳозирча ҳеч қандай маълумот бермади.

Муаллиф:Отабек Қўлдошев