13 январь, душанба куни Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг олтинчи чақириқ илк сессияси ўтказилди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Сессия ишида вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят ҳокимлигининг бошқарма ва бўлимлари раҳбарлари, вилоят Кенгаши депутати бўлмаган шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакили Абдужаббор Абдувоҳидов иштирок этди.
Ўзбекистон Конституциясининг 98-моддаси, шунингдек, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 2-моддасига биноан вилоят ҳокимлигига номзод Ўзбекистон Президенти томонидан халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг ушбу Кенгашга тасдиқлаш учун тақдим этилиши белгиланган.
Абдужаббор Абдувоҳидовнинг маълум қилишича, қонунчиликнинг бу талабидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Президенти томонидан вилоят ҳокимлигига Ўктам Барноев номзоди тавсия этилди. Номзод бўйича партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилди.
Сессияда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 2-моддасига кўра, Ўктам Барноев Бухоро вилояти ҳокими лавозимига тасдиқлаш учун халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашига тақдимнома киритилди. Депутатлар Ўктам Барноевни Бухоро вилояти ҳокими этиб бир овоздан тасдиқлади.
Изоҳ (0)