Мана 2019 йилни тамомлаб, 2020 йилга ҳатладик. Ўтган йилимиз пишиқчилик йили бўлди, қовун-тарвуз мўл бўлди. Жумладан, расмийларимиз бир-биридан катта ва ширин қовунлар туширди. Уларнинг таъми ижтимоий тармоқларни пайдар-пай портлатди. Биз эса қовунларнинг рейтингини туздик. Гапни чўзмасдан йил қовунларига навбатни берамиз, дейди қовуншунос Сарвар уста.
Энг кўп истеъмол қилинувчи қовун
Фермерлар кенгаши раиси Актам Ҳайитов гўшт нархи ошишига муносабат билдираётиб гапининг учқур иборага айланишини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. «Гўшт нархи нега қимматлаб кетяпти деб ўйлайсизлар? Тўғри, озуқа етишмаслиги биринчи сабаб, иккинчидан, бугун биз жуда кўп гўшт истеъмол қиляпмиз. Шунчалик кўп гўшт емоқдамизки, бунинг натижасида кўпгина касалликлар пайдо бўляпти. Буни ‘Америка касаллиги’ дейишади, бу касаллик менда ҳам бор, ҳаммамизнинг танамизда ортиқча гўшт бор. Мен фақат гўштни айтмаяпман, овқатланиш маданиятимиз йўқ», деган эди сентябрь ойидаги учрашувда жаноб Ҳайитов. Аслида Ҳайитов буни аҳоли гўшт истеъмоли ортиб бораётганлиги билан изоҳламоқчи бўлган, бироқ Ўзбекистонда гўшт истеъмоли жаҳон миқёсида олганда ҳам анча камлиги боис кучли кулги уйғотмасдан қолмади.
«Дарё»га берган интервьюсида Актам Ҳайитов ўз сўзларини изоҳлаб берди.
Шундан сўнг энергетик тизим мутасаддиси Абдурашид Мирзаев «Жуда кўп электр энергияси истеъмол қиляпмиз» дея қовунни, йўғэ байроқни Ҳайитовдан олиб эстафетани давом эттирди.
Энг қаттиқ қовунЙиқилмаган, аксинча синдирган. Тошкент шаҳри, Олмазор тумани замҳокими Абдурасул Ваҳобов аввал «Kun.uz» сайти мухбирларини қувлади, ҳатто таҳририят мулки бўлган қурилмани синдириб ташлади. Бироқ жавобгарликка тортилиши осон бўлмади. Иш катталашгач, ҳоким ўринбосари мухбирларнинг ўзини айблаб интервью ҳам берди. Мухбирларга ҳужумни кўплаб фаоллар қоралаб чиқди, ҳатто прокуратура назоратига олди.
Аммо Ваҳобов жаноблари шундай мустаҳкам ўрнашган эканки, бузилаётган уй эгасини кўтариб олиб чиқариб ташлагани видеоси тарқалганда ҳам жавобгарликка тортадиган мард топилмади. Ана шундай мустаҳкам ва пишиқ кадрни барибир амаллаб ишдан олишди. Воқеа муҳокамаси эса анча вақтгача давом этди.
Энг бемаза қовун
Экопартия фаоли Улуғбек Пирмуҳамедов Тошкентга вилоятликларнинг осон келиб-кетиш йўлини топди. «Фикримизча, фуқаро Тошкентга келишидан олдин ўзининг ҳудудидаги инспектордан рўйхатдан ўтиши мақсадга мувофиқ. Шундай тизим жорий этилса, Тошкентда муаммоларга учрашининг олди олинади», деди Пирмуҳаммедов. Бу таклиф тошкентликлар ва вилоятликлар орасида очиқ-ойдин раҳна солишга ишора бергани учун депутат истеҳзо ва танқидларга кўмилди. «Дарё»нинг «Резонанс» лойиҳасининг махсус сони экоқовунга бағишланди.
Энг серҳосил қовунФарғона ҳокими Шуҳрат Ғаниев учун 2019 йил пишиқчилик йили бўлди. Аллақачон брендга айланган «ҳорами» сўкиши муаллифи чет эллик сармоядорнинг соқолини олиш, шиаларнинг дўпписини кийганни тергаш, фирмаларга 300 миллиондан жарима солиш, шифохонада юпқа кийимда ётганларга танбеҳ бериш, боласига Мужоҳид исмини қўйганларни тергаш каби антиқа ташаббуслари билан эл оғзига тушди. Ўнлаб блогерларнинг саҳифасини ҳокимнинг сурати безади. Бу ҳолат Сенатда кўрилгач, Шуҳрат Ғаниев узр сўради. У аввалроқ Риштонда уйи бузилганлар олдида ҳам кечирим сўраган эди.
Бироқ Фарғона ҳокими ҳамиша диққат марказида бўлиб келиш анъанаси бузилмади. Аниқроғи, кечпишар қовунлар аҳоли олдига чиқарилди. Қиш совуб кетганлиги боис фарғоналик блогер Ғаниевнинг истеъфосини сўраб интернетга жойлаган видеоси ортидан яна бир «запис» чиқди. Овоз Ғаниевга тегишли деб тахмин қилинган аудиода блогернинг жанозасини ўқиш билан таҳдид қилинади.
Аудио ортидан ҳокимликнинг ахборот хизмати ҳам машҳурликка эришди ва оддий аҳоли пранкер сўзининг маъносини билиб олди. Ахборот хизмати Ғаниевнинг овозини пранкер ўхшатганини иддао қилган бўлса, журналист Муҳаммаджон Обидов ҳоким номига очилган сохта ҳисоблар ортида пулдор сиёсий кучлар турганини билдирди. Шундай қилиб, 2019 йилнинг кузи қовунга мўл-кўл бўлди.Энг иссиқ қовун
Воҳаликлар «кичик Америка» деб атайдиган Яккабоғда йилнинг антиқа воқеаларидан бири содир бўлди. Хўш, нега кичик Америка? Чунки кимнидир отиб кетиш ҳолатлари Яккабоғда кўпроқ учраб туради. Фақат қурол танқислиги боис бўлса керак, бу сафар куппа-кундузи ҳоким ўринбосарининг устидан ёнилғи сепиб гугурт чақиб юборилди.
Туман ҳокимнинг ўринбосари Мансур Тўймаев тадбиркорнинг биносини бузиш топшириғини берди. Бино ичида одамлар тургани, қолаверса, тадбиркор Баҳриддин Исомов фаол қаршилик қилаётгани сабабли бульдозерчи бузишга ботинмаганда замҳокимнинг ўзи рулга ўтириб бузишга киришганда таваккалчи тадбиркор унга бензин сепиб ёқиб юборди. Чунки ҳокимлик бузилган бинога компенсация тўламаслиги аввалдан аён эди. Уларнинг иккаласи ҳам жазога тортилди. Бу воқеа эса босар-тусарини билмаётган ҳокимликларга дарс бўлди, Қашқадарё ҳокими узр сўради.Энг гўштдор қовун
Гўшт мавзусига яна қайтамиз. Гўшт нархи нега ошаётгани юзасидан мутахассислар билан суҳбатлашган мухбиримиз ғаройиб маълумот олди. «Аслида гўшт истеъмолини камайтириш керак, зеро гўшт қаритади деган нақл бор. Аслида ҳам 90-йиллар одамлари билан бугунги кун одамларини солиштирсангиз, бунинг ҳақиқат эканини кўриш мумкин. Ҳозирда аҳоли ёшариб бормоқда. Тўғри, гўштнинг соғлиққа фойдали жиҳатларини ҳам ҳисобга олиш керак. Шунинг учун биз, катталар гўшт ейишни камайтириб, фарзандларимизга кўпроқ беришимиз керак. Бу борада Хитойнинг тажрибаси бор. Улар нон ва гўштни биздан 10 баравар кам ейди!», деди улардан бири. Зум ўтмасдан блогер Хитойда гўшт истеъмоли Ўзбекистондагидан икки баробар кўплиги ҳақида блогпост ёзди.
Энг юқоридаги қовун
Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев: «...Инфляцияга келсак, бизда инфляция даражаси юқори эмас. Тўғри, инфляция юқори, лекин биздан ҳам юқори давлатлар ҳам бор – масалан Венесуэла...», деб қўйиб кулгу остида қолиб кетди.
Келинг, унга қаратилган пародияларни санаймиз: Бош прокурор: Бизда коррупция даражаси юқори эмас. Тўғри, коррупция юқори, лекин биздан ҳам коррупциялашган давлатлар бор, масалан Сомали; ЎФФ президенти: Футболчиларимиз аъло ўйин кўрсатмоқда. Тўғри, дарвозага теполмаяпти, бироқ тоғ ёнбағрида жойлашган Бутан давлатини осонгина ютади; Ўзгидромет директори: Ҳаво қаттиқ исиётгани йўқ. Тўғри, ҳаво исияпти, аммо Африкачалик иссиқ эмас; Соғлиқни сақлаш вазири: Шифокорларга катта маош берилмоқда. Тўғри, катта эмас, бироқ ЭКИҲ ундан анча кам; Таълим вазири: Олий таълим даргоҳлари эҳтиёжимиз учун етарли. Тўғри, камчилик бор, аммо масалан Антарктидада биттаям таълим даргоҳи йўқ; ЎМИ раҳбари: Диёримизда масжидлар талайгина. Тўғри, масжидлар кўп эмас, аммо Тинч океанида биттаям масжид йўқ. Ана шунақа қитмир блогерлар бор!
Энг тезкор қовун
Тошкент кўчасида соатига 200 километр тезликда машина ҳайдасангиз жавобгарликка тортиласизми? Тортиласиз. Тортилмаслигингиз ҳам мумкин, қачонки қонундан ҳатлаб ўтишга ёрдамлашувчи «танка»нгиз бўлса. Бироқ «янгиланаётган Ўзбекистон»да қонунни бузган «валломати бўлсаям» жарима тўлайди. Триатлон федерацияси раиси Отабек Умаров «Бугуноқ барча жарималар тўланди. Қонун барча учун баробар! Шу фурсатдан фойдаланиб, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг жонкуяр ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман!» — деб ёзди жарима квитанцияси акс этган фотога қолдирилган изоҳда.
Энг паст навли қовун
«Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров UzReport телеканалининг «Трибуна» кўрсатувида янги иш ўринлари яратиш ва хориждаги меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича саволларга жавоб қайтариш давомида қизиқ фикр ташлади. Табиийки, меҳнат муҳожирлари энг нозик муаммоимиз саналади, хусусан, уларнинг транспорти йўлда бузилиши, ҳалокатга учраши тез-тез содир бўлади.
Алишер Қодиров бу борада гапирар экан, «Ўзини ҳурмат қилган одам тил биладиган давлатда иш қидиради. Бундай одам 50 доллар тежаш учун ҳаво ҳарорати 50 даража совуқ бўлган вақтда ёниб кетиши мумкин бўлган автобусга чиқмайди», деб қўйиб, эътирозлар остида қолиб кетди.
Энг арзон қовун
«Миллий тикланиш» партиясига мухолиф Халқ демократик партияси раиси Улуғбек Иноятов Алишер Қодировни танқид қилиб туради. Бироқ Иноятовнинг ўзи мутлақо бехато сўзлайди, десангиз адашасиз. Улуғбек Иноятов саловолди «Демократик дебат»тида Тошкентда 2,5 миллион сўм ойлик олувчи бир нафар боқувчи беш кишидан иборат оилани боқиши мумкин, деган фикрни билдирган эди. Кейинроқ партия фаоллари етакчининг фикрини текислаб, фақат озиқ-овқат харажатлари назарда тутилган, дейишди. Бироқ партия етакчиси фикрида собит қолганини кейинчалик билдирди. Демак, эслаб қолинг, Тошкентда 2,5 миллион сўмга беш кишидан иборат оила яшай олади. Қандай яшаш – бу сизнинг ихтиёрингизда.
* * *
Биласизми, қовунларимиз бир-биридан кўп ва ранг-баранг. Аммо жуда узун ёзиш ниятимиз йўқ. Энг уятсиз қовун «шест секундда гейга чиқариш», энг айниган қовун «кам таъминланганларнинг нафақа олиб дангасалашиб кетгани» бўлса...
- Тўхта, Сарвар уста, энг ширин қовунни нега ёзмайсан? Ахир қовун бўлади-ю, ширини бўлмайдими?
- Энг ширин қовунни Андижон шаҳри ҳокими туширди...
- Ёзмайсанми, ахир?
- Йўқ, ёзмайман. Шахсий ишини оммага олиб чиқмайман.
- Бўлмаса, йил сўнгида тилак билдир.
- Бу йили пишиб қолган қовунларни келаси йили узиб ташлаш насиб қилсин, омийн.
- Омийн, айтганинг келсин.
Сарвар уста
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.