2009 йилнинг 16 июнида Ирландиянинг Слайго графлигида яшовчи Артур Слайго Россес-Пойнт қишлоғи яқинидаги соҳилга ўғли билан югуришга келган вақтида сув тўлқинлари қирғоққа олиб чиқиб ташлаган эркак жасадини кўриб қолади. Кейинчалик эркакнинг Питер Бергманн экани аниқланган, бироқ унинг нима сабабдан вафот этгани ҳозиргача интернет олами фойдаланувчиларини қизиқтириб келади. Эркакнинг ўлимидан аввалги кунлари қандай ўтганини у юрган ва яшаган жойлардаги камералар ёрдамида аниқлашга уриниб кўрилди, бироқ тўпланган маълумотлар сирли ўлим юзасидан суриштирув жараёнини янада чигаллаштирди.
Сирли Питер Бергманн
2009 йил 12 июнда Слайго шаҳридаги камералар соат 18:28 да Олстердан автобусда келган ориқ кишини тасвирга туширган. Автобусдан тушган эркак елкасига сумка осган ва қўлида спорт сумкасини кўтарганди. Бергманн такси тўхтатиб Слиго Cитй Ҳотел меҳмонхонасига борган ва 65 евро эвазига у ердан хона ижараага олган. Рўйхатдан ўтган вақтида у ўзини Питер Бергманн деб таништирган ва Венада Айнштеттерн кўчаси 15-уйда яшашини билдирган.
Эртаси куни у маҳаллий почта бўлимига бориб, у ердан саккизта марка ва авиапочта стикерларини харид қилган. 14 июнь якшанба куни эса Питер кўчада такси тўхтатиб, чўмилиш учун яқин атрофдаги соҳил бўйига борган. Таксичи уни Россес-Пойнтга элтиб қўйган. Атроф-муҳитни томоша қилган эркак ўша автомобилнинг ўзида Слайгога қайтган.
15 июнда Питер Бергманн соат 13:06 да қора сумка ва бинафшаранг полиэтилен пакетини кўтариб кўчага чиққан. 13:38 да Куэйсайд кўчасидаги савдо марказига келиб, у ерда тушлик қилган. Тушликдан кейин эркак чўнтагидан чиққан ғижимланган қоғозларни ўқиб, йиртиб ташлаган ва аҳлатга улоқтирган. Бир соатдан кейин Питерни Россес-пойнт пляжида сайр қилаётганини кўришган.
Гувоҳлар эркакнинг сув бўйида қаққайиб тургани ва кеч тушишини пойлаганини билдирган. 16 июнь 06:45 да Артур Кинселл ва унинг ўғли соҳил бўйида Питер Бергманнинг мурдасини кўрган. Ирландия полицияси ишни беш ой давомида тергов қилган ва бир нечта тафсилотни ўрганган, ушбу маълумотлар ушбу ҳолатнинг сирлилигини янада оширган.
Жаноб Бергманнинг сирлари
Питер Бергманн атрофдаги одамлар билан деярли мулоқот қилмаган, лекин гувоҳлар унинг енгил немис лаҳжасида гапирганини маълум қилган. Эркакнинг ёнидан ҳужжатлар ва пуллар топилмаган. Кийимнинг ёзувлари ва штрих-кодлари қўпол равишда қирқиб олинган. Патологоанатомлар эркакнинг 55 – 65 ёшда бўлгани, унда простатанинг ривожланаётган саратони ва суяк ўсимтаси борлигини аниқлаган. Жасад текширилганда мурданинг қийноққа солингани ёки қотиллик туфайли ўлдирилгани бўйича аломатлар аниқланмаган.
У бир неча марта юрак хуружига учраган ва битта буйракли одам бўлган. Питер кучли оғриқлар таъсирида юрган бўлса ҳам ҳеч қандай дориларни қабул қилмаган. Бармоқ изларига қараб шахсни аниқлашга уринишлар ҳам бесамар кетган. Питер Бергманн чегарада рўйхатдан ўтмаган ва Ирландияга қонуний йўл билан келмаган, Айнштеттерндаги 15-уй ўрнида эса ҳеч нима йўқ.
Камералар охирги кунларда унинг 13 марта меҳмонхонадан чиққани ва ҳар сафар бинафшаранг пакет билан кўчага чиқиб усиз ортга қайтганини кўрсатмоқда. Ушбу кунлар давомида Бергманнинг пакетни қаёққа ташлагани камералар нигоҳидан четда қолган. Полиция эркакнинг камераларнинг ожиз нуқтасини жуда яхши билганлигини таъкидлаган. Иш билан шуғулланган Терри Макмахон унинг собиқ полициячи ёки ҳарбий бўлганини тахмин қилган. Бергманн айрим ҳолатларда камера тасвирларига тушишни истамаган бўлиши мумкин.
Полиция аҳлатхоналарни ҳам текшириб чиқди ва ишга алоқадор ашёвий далиллар топа олмади. Бергманнинг марка сотиб олганидан кейин саккизта хатни кимга юборгани ҳам номаълумлигича қолмоқда. Инспектор Рей Малдерриг ҳам сирли ўлим юзасидан фикр билдириб, ишнинг ўта чигал эканлигини қайд этган.
Тарихда қолиш
Питер Бергманни ҳодисаси Reddit нашрининг кўплаб постлари ва одамларнинг уларга билдирган муносабат-у тахминлари билан тарихда қолди. Энг оммавий шарҳлар ва тахминларда эркакнинг махсус хизмат вакили, жиноятчи ёки замонлар оша саёҳат қилувчи олим экани билдирилган.
2013 йилда режиссёр Киран Кессиди «Питер Бергманнинг охирги кунлари» номли ҳужжатли фильмни суратга олди ва унда сирли ишнинг барча тафсилотларини ёритишга ҳаракат қилди. Ушбу фильмдан кейин ижтимоий тармоқлар кўплаб интернет-суриштирувлари ва подкастларга тўлиб кетди, барчасида одамлар Питер Бергманнинг ким бўлганлиги юзасидан ўз фикрларини билдирарди. Ҳеч кимга сездирмай, тинчгина ўлишни истаган одамнинг бундай шов-шувли муҳокамаларга сабаб бўлгани ғалати.
Изоҳ (0)