Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида 28 ноябрь куни аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини энергоресурслар — газ ва электр энергия билан таъминлашдаги муаммоларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб ёзади «Xabar.uz».

Фото: «Xabar.uz»

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда бош вазир совуқ тушиши билан истеъмолчиларнинг электр энергияси ва газга бўлган талаби кескин ошишини айтиб, ҳали қиш кирмасдан туриб, энергоресурслар таъминотида ўта жиддий муаммолар пайдо бўлгани, ҳатто метро ва телевидениеда электр энергияси билан юз берган нохуш ҳолатларни кескин танқид қилган.

Бу шармандали ҳолат. Оммавий ахборот воситалари, интернет-нашрлар ва ижтимоий тармоқларда бу ҳақда аҳолининг ҳақли эътирозлари кенг ёритилмоқда. Газ ва электр энергия етказиб берувчилар ўз ишларига масъулият билан қарашмаяпти. Мутасадди раҳбарлар шунча салбий ҳолатларга бирон марта оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш ёки асосли жавоб бергани йўқ.

Мисол учун, 27 ноябрь куни сутка давомида 110 киловолт кучланишли 144 та линияда жами 300 мартадан ортиқ чеклов амалга оширилган. Ушбу линияларда 1,5 соатдан 5 соатгача чеклов киритилиши қанчалик адолатга тўғри келади? Бу каби ҳолатлар натижасида аҳоли томонидан нафақат Энергетика вазирлигига нисбатан, балки бутун ҳукуматга нисбатан эътироз пайдо бўлмоқда.

31 413 та ҳолатда электр энергиядан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган, зарар миқдори эса 22 миллиард сўмни ташкил қилади. Газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари жудаям кўп. Натижада жабрини аҳоли кўряпти.

Абдулла Арипов, Ўзбекистон Бош вазири

Бош вазир, шунингдек, белгиланган режа асосида газ истеъмолчиларга етиб бормаганини қоралади. Энергоресурслар тежамкорлигига эътибор берилмаётгани, тушунтириш ишлари самарали бўлмаётганини танқид қилди.

Аввалроқ, электр таъминотидаги узилишлар ТВдаги жонли эфир ва метрони тўхтатиб қўйгани ҳақида хабар берилган эди.

Халқаро пресс-клубнинг 27 ноябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган Халқаро матбуот марказида ташкил этилган навбатдаги жонли эфир орқали эфирга узатилаётган пресс-конференцияси вақтида электр таъминотида узилиш юз бериб, тадбир иштирокчилари тахминан 5—7 дақиқа давомида чироқсиз қолиб кетган.

Шунингдек, 27 ноябрь куни соат 10:42 да 3 та бекатда — «Ғафур Ғулом», «Алишер Навоий», «Ўзбекистон» станцияларида чироқлар милтиллаб ёнган. Бир дақиқа ўтгач, соат 10:43 да электр узатилиши тўлиқ тикланган.

Кейинроқ Ўзбекистон Энергетика вазирлиги электр токи узилиши сабаблари ва унинг нима учун электр етказиб берувчилар томонидан ўчириб қўйилиши ҳақида маълумот берди.