Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги хонадонларнинг биридан сув насоси йўқолди. Туман ИИБ томонидан суриштирув ишлари бошланиб, 31-мактаб ўқувчиси гумондор сифатида мактабдан олиб кетилди ва сўроқ қилинди. 9-синф ўқувчиси яқинларининг «Дарё»га шикоят қилишича ИИБ ходими сўроқ пайтида ўқувчига куч ишлатган ва ўғриликни бўйнига олишини талаб қилган.

Фото: «Дарё»

Мурожаатни ўрганган «Дарё» мухбири Лайло Ҳайитованинг қўшимча қилишича, ўқувчига нафақат сув насоси ўғриси, туман бозорида ўғирланган қўл телефони-ю темирчилик устахонасидаги темир буюмлар ўғриси тамғаси ҳам босилган. Барча ўғриликни бўйнига олиш талаб қилинган.

Маълум бўлишича, туманнинг «Шўрча» қишлоғидаги фуқаро Дилдора Рауповага тегишли ҳовли-жой томорқасида ўрнатилган сув насоси — агидели йўқолган. Мурожаатга асосан туман ички ишлар бўлими суриштирув ишларини бошлаган. Суриштирув ишларини олиб бораётган туман ИИБ жиноят қидирув тезкор вакили Мурод Шарипов жорий йилнинг 11 ноябрь куни тумандаги 31-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Фатхиддин Тошпўлатовни гумондор сифатида дарсдан олиб чиқиб, 1-сон «Сармижон» ички ишлар бўлимига олиб кетган.

Сув насос

Фото: «Дарё»

Айтилишича, ИИБ ходими Мурод Шарипов Фатхиддин Тошпўлатов таҳсил олаётган мактабга борган ва директор билан учрашиб, содир бўлган ўғрилик юзасидан ўқувчиси билан суҳбатлашиши учун ички ишлар идорасига олиб кетишини билдирган. Мактаб директори эса вояга этмаган ўқувчини ота-онасининг хабарисиз ИИБга юборолмаслигини айтган. Бироқ Мурод Шарипов ҳолатдан боланинг отаси хабардорлигини ва унга бу ҳақда маълум қилганини таъкидлаган.

— Ҳуқуқ-тартибот идораси жиноят қидирув бўлими тезкор вакилининг «Отасидан рухсат олганман», деган гапига ишондик, — дейди мактаб директори Нарзулла Авезов. — Тўғри, ҳудуд профилактика инспекторидан ташқари бошқа орган вакили билан агарда қўлида санкция бўлмаса, вояга етмаган болани жўнатишга ҳақли эмасмиз. Аммо муаммо бу даражада чигаллашиб кетишини билмабмиз. Мактабимизда бирор марта бундай ҳолат содир бўлмагани учунми орган вакилининг «Боланинг отасига айтдим» деган гапига ишондик. Ҳолбуки Мурод Шарипов Ғиждувон туман жиноят қидирув бўлимига ишга ўтгунга қадар ҳудудимизда профилактика инспектори лавозимида ишлаган. Айбимиз — ўғлининг тергов бўлимига олиб кетилаётгани ҳақида ўша пайтнинг ўзида ота-онасига хабар бермадик. Бугун эса боланинг руҳиятидаги тушкунлик ҳаммамизни ташвишлантирмоқда.

Фатхиддин Тошпўлатов

Фото: «Дарё»

Журналистик суриштирув жараёнида «Дарё» мухбирига ҳамроҳлик қилган Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ходими Ихтиёр Фозилов туман жиноят қидирув тезкор вакили Мурод Шариповга қўнғироқ қилиб, ҳолатга ойдинлик киритиш таклифини билдирган. Мурод Шарипов эса «Ака, ҳозир озгина иш бор-да! Қачон тугайди билмадим. Сал иш кўпроқ! Бўлимдаги навбатчидан сўрасангиз, ҳамма нарсани беради. Илтимос, телефонда гаплашмайлик, ака. Эртага вақт топиб, Бухорога олдингизга бораман. Фақат бу ерга мухбирни олиб келманг, ака! Фатхиддин сўроқ қилинмаган, ҳеч қанақа жараён йўқ. Урган ҳам эмасмиз. Уни тергов бўлимига олиб келиб, ота-онасига хабар қиламиз, дегунимизча орадан ўн минутча вақт ўтар-ўтмас, ота-онаси бўлимга етиб келишганди», — деди.

Мурод Шарипов билан юзма-юз учрашиш ва ҳолатга ойдинлик киритиш имкони бўлмади.

Мактаб ўқувчиси билан ИИБга юборилган 31-мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси Нозимжон Усмонов «Дарё» мухбири билан мулоқотда Мурод Шарипов сўзида чалкашлик борлигини таъкидлади.

Фото: «Дарё»

— Директоримиз орган вакилига «ўқувчининг ота-онасига хабар бериш керак», дея бир неча марта айтганди, — дейди Нозимжон Усмонов. – У ҳолатдан Фатхиддиннинг отаси хабардорлигини билдирди. Ишондик. Ваҳоланки, давлат ходими алдайди ёки нотўғри гапиради деган фикр бизда бўлмаган. Шу куни «Сармижон» 1-сонли туман ички ишлар бўлимига соат 12:11 да етиб борганмиз. Талабимга қарамай, мени тергов жараёнига киришга рухсат беришмади. Ўғриликка алоқадор жиноят ишини аниқлаш учун Фатхиддин билан ўтказилган суҳбат 1 соат-у 9 дақиқа давом этди. Ота-онаси орадан шунча вақт ўтгачгина, яъни 13:20 да тергов бўлимига кириб келди.  Бола терговдан жуда руҳий тушкун ҳолатда йиғлаб чиқди.

Ўқувчининг онаси Маҳлиё Фозилованинг «Дарё» мухбирига айтишича, у ўғлининг ИИБга олиб кетилганлигини синфдошларидан эшитган. Ҳолатни эшитиб, турмуш ўртоғига қўнғироқ қилган ҳамда ўзи 1-сон «Сармижон» ички ишлар бўлимига етиб борган. Бироқ навбатчи ўғлининг олдига киришга рухсат бермаган. Жанжал кўтаргач, навбатчи тергов бўлимига қўнғироқ қилиб, вазият бўйича огоҳлантирган.

Фото: «Дарё»

— Бироз ўтмай, ўғлимни чиқаришди. Кайфиятсиз ва руҳий тушкун аҳволда чиққан ўғлим мени кўриб йиғлаб юборди, — дейди Маҳлиё Фозилова. – Ўғлим қўрққанди. Қаттиқ ҳаяжонда эди. Юзларининг шишиб кетганини кўриб, «уришдими?» деб сўрадим. «Ҳа, юзларимга тарсаки туширишди, бир нечта содир этилган жиноятларни айтиб, ўғриликни бўйнингга оласан!», деб босим ўтказишди», деди. Буни эшитган ИИБ ходими эса «қаери кўкарди, қаери синди, бирор жойи ёрилдими?» — деб жазавага тушиб кетди. Биз эса жанжалга ҳам бақир-чақир қилишга ҳам куч тополмадик. Ваҳоланки, ўғлим ҳушидан кетаёзган, дир-дир титраётган эди. Қайнопам билан ўғлимни зудлик билан шифохонага олиб бордик. У ерда «Жанжалли масалалар суд экспертиза томонидан кўрилади» дейишди. Туман экспертиза бўлимига бордик. Афсуски, бу пайтда туман эксперти вилоят марказига иш билан кетган экан. Яна шифохонага қайтдик. Муолажалар олдик ва уйга келдик.

Яқинларининг таъкидлашича, вояга етмаган ўқувчи Фатхиддин Тошпўлатов уйига келтирилгач, кечки пайт руҳий аҳволи ёмонлашган. «Мен ўғри эмасман, мени ноҳақ уришди. Қандай бош кўтариб юраман, яшашни хоҳламайман!» — дея дағ-дағ титраган кўйи бақир-чақир қилиб, ўз-ўзини бошқаролмайдиган ҳолга тушиб қолган. Оила аъзолари руҳий соғлиғини йўқотяпти, дея қўрқиб уни зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига келтиришган. Бола тиббий кўрикдан ўтказилган ва унга амбулатор даво буюрилган. Кечки пайт Ғиждувон туман тиббиёт бирлашмаси болалар бўлимига ётқизилган.

Фото: «Дарё»

Асаб касалликлари шифокори Жаҳонгир Рўзиевнинг «Дарё» мухбирига маълум қилишича, вояга етмаган ўқувчи бирор бир воқеадан қаттиқ таъсирланган. Оғир руҳий ҳолатга тушиб қолган. Шифокорнинг айтишича, ўқувчига руҳшунос ёрдами керак. У бундай пайтда ўз жонига қасд қилиб қўйишдан ҳам тап тортмаслиги мумкин.

Таъкидланишича, шифохонада Фатхиддинга тавсия этилган тинчлантирувчи дори воситалари таъсири бироз сусайгач, унда бир неча маротаба руҳий зўриқиш ҳолати кузатилган. Шифокор тавсиясига кўра, вояга етмаган бола руҳиятидаги зўриқиш унинг ҳаёти билан боғлиқ фожиага сабаб бўлмаслиги учун қаттиқ назоратга олиш билдирилган. Бир ҳафтача амбулатор даволангач, уйига келтирилган.

— Фатхиддин тарбияли ўқувчи, у урушқоқ ёки жанжалкаш эмас. Гоҳида дарсларга кечикиброқ келмаса, муаммоси йўқ. Ўзлаштириши ўрта, спортга қизиқади. Бундан ташқари, ёғоч ўймакорлиги бўйича яхшигина ҳунарга эга. Шаҳмат тахтаси ва шаҳмат доналари, шунингдек, қадимий обидалар шаклини ёғочлар орқали бениҳоя ҳавас қилгули даражада ифодалай оладики, ҳатто ўзимиз ҳам ҳайратда қоламиз. Қатор кўргазмаларда иштирок этган. Қалбида санъат ишқи тушган бола ёмон йўлдан юра олмайди, деб ўйлайман. Ўша куни танаффус чоғида бола олиб кетилган. Ўғирлик ён қўшниси уйида содир бўлгани учун балки уни сўроқ қилишгандир. Аммо Фатхиддин жуда сипо, эсли-ҳушли ўқувчимиз, — дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Озод Жамилов.

Фото: «Дарё»

Мактабдан 50-60 метр узоқликда жойлашган Фатхиддин яшайдиган хонадонга йўл олдик. У сандалда ўраниб, руҳий тушкун ҳолатда ётган, сиқилиш ва зўриқиш вояга етмаган болани анча сўниқтириб қўйганди. Ярим соатдан ортиқ у билан суҳбатлашишга ҳаракат қилдик. Саволларимизга «Мени ноҳақ уришди», «Мен яшашни истамайман!», деб жавоб беришдан нарига ўтмади.

— Сўроқ вақтида қўшнимизнинг сув насоси – агиделидан ташқари туман бозорида ўғирланган қўл телефони-ю темирчилик устахонасидаги темир буюмларнинг ўғирланишини ҳам у билан боғлашган ва бўйнига олишга қистаган, — дейди Фатхиддиннинг қўшниси Абдумажид Жумаев. — Хонадонида ўғирлик содир бўлган қўшнимизнинг уйи олдидан одам ўтишга қўрқади. Бундан олдин ҳам бир-иккита қишлоқдошларимиз унинг уйига ўғриликка кириб, қўл телефонини ўғирлаган, деган дашномга қолишган. Кейинчалик ўзининг жияни ўғирлагани ошкор бўлди. Кўп ўтмай, ошхонасида ёнғин содир бўлди. Буям жиянининг сигарет чеккани оқибатида рўй бергани аниқланди. Энди эса ҳе йўқ, бе йўқ, ҳали вояга етмаган ёш бола унинг касрига руҳий изтиробда қоляпти.

Маҳлиё Фозилованинг айтишича, ўғли ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланади. Бундан ташқари қишлоқдаги темирчилик устахонасига ҳам қатнайди.

— Устахонамда ўғирлик содир бўлди. Аммо ўғрилик менинг шогирдим Фатхиддин томонидан содир этилди дегани эмас-ку, — дейди темирчи Элёр Абдуллаев. —Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили Мурод Шарипов менга қўнғироқ қилиб, Фатхиддин ҳақида сўради, мен эса унга ижобий тавсиф бердим. Афсуски, Мурод Шарипов болага: «Устанг айтди, сен унинг темир буюмларини ўғирлаган экансан!» — дея дўқ урган. Буни эшитиб, бола яна ҳушини йўқотган. Тўғри, жиноятни очиш жараёнида ҳар бир сўроқ қилинган шахсга ҳам чалғитувчи саволлар берилиши мумкин. Аммо бу ўзи шундоғам руҳий зўриқишда қолаётган болага нисбатан адолатсизлик эмасми?!

Журналистик суриштирувларимиз жараёнида биз билан суҳбатда бўлган «Шўрча» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Изомиддин Сирожевнинг воқеадан бехабарлиги маълум бўлди. Маҳалла раисидан Фатхиддиннинг юриш-туриши, шунингдек, оиласидаги муҳит ҳақида сўралганда у «Жавоб беришдан олдин ички ишлар вакилидан сўрасам майлими?!», «Бу жиноят қидирув бўлимининг иши!», «Бундан менинг хабарим йўқ!» тарзидаги жавоблар билан кифояланди. Маълум бўлишича, маҳалла раиси орадан уч кун ўтгач, ҳолатдан хабар топган. Бола билан ёки унинг оиласидагилар билан суҳбатлашмаган, хонадонига бориб, улардан ҳол сўрамаган.

Ғиждувон туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Абдуҳалил Носиров Фатхиддин Тошпўлатов хонадонида бўлиб, ўқувчи билан суҳбатлашган. Унга жиноят ишини очиш учун ходимлар ҳамма билан суҳбатлашаётганини тушунтириб, унга жиноятчи сифатида қаралмаётганини айтган.

Фото: «Дарё»

«Ходимимиз «урмадим» дейди, ўқувчи «урди», дейди. Айни пайтда ушбу масала юзасидан туман прокуратураси томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда, — дейди Абдуҳалил Носиров. – Ҳақиқатан ҳам вояга етмаган бола чуқур руҳий изтиробга тушган. Муолажалар давом этади. Туман ички ишлар руҳшуносини бириктирамиз. Вояга етмаган ўсмир билан тергов ёки маълум бир жиноятга доир суҳбат олиб борилганда, албатта, ота-онаси, яқинлари ёки унинг ўрнини босувчи шахс бўлиши керак. Тергов-суриштирув жараёнида ҳар бир хатти-ҳаракатга ойдинлик киритилади. Агар Мурод Шарипов томонидан вояга етмаган болага нисбатан ножоиз хатти-ҳаракат қилинган бўлса, унга нисбатан қонун доирасида чора кўрилади. Чалғитувчи саволлар жараёнида қўполлик қилган бўлиши мумкин. Бу бўйича ҳам, албатта, якуний хулосалар берилади.

Айни пайтда маҳалладаги хонадонда содир этилган ўғрилик ҳолати юзасидан жиноятчини аниқлаш бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Айтилишича, Фатхиддин Тошпўлатов 25 ноябрдан мактабга чиқа бошлаган ва ҳар куни бир соатдан ўқиб қайтяпти.

«Дарё» ушбу мавзуга яна қайтади.

Муаллиф:Лайло Ҳайитова