Актриса Гавҳар Шарипова йўл транспорт ҳодисаси туфайли вафот этди. Бундан аввал ҳам автоҳалокат натижасида бир қанча санъаткорлар ёруғ оламни тарк этган эди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳриддин Холиқов

Фото: Google

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳриддин Холиқов 2001 йил  21 ноябрь куни оламдан ўтди. Муҳриддин Холиқовнинг акаси Шаҳоббин Холиқовнинг маълумотларига қараганда, бу воқеа Рамазон ойининг ўрталарида, хонанда бир дала ҳовлисига кетаётганида содир бўлган.

Шаҳобиддин Холиқов Муҳриддин Холиқовнинг вафоти ҳақида YouTube’даги «Muvad video» каналига берган интервьюсида қуйидаги маълумотларни айтиб ўтган.

Бу воқеа рўзада бўлган эди. Тўғрисини айтсам, бу воқеа у дачасидан бу дачасига кетаётганида содир бўлган эди. Муҳриддин ичмаган эди, чунки у ўша вақтда дори ичиб даволаниб юрарди. Рўза вақтларидан фойдаланиб даволанар эди. Аслида у болалигидан ичкиликни ёқтирмас эди. У юқори қон босими билан юрарди. Бир сирни очаман, буни одамлар билиб ҳам қолганди, тўйларда ўзини ‘плюсъини устига қўшиқ айтарди. ‘Плюсъини устига созандлари чаларди, Муҳриддин ижро қиларди. Чунки ‘миям ёрилиб кетмасин’ дерди, юқори қон босими билан юрарди. Ҳар йилда бир ой даволаниб чиқар эди. Ўша куни рўза ойида усталарини кўнглини кўтарай деб ‘Роҳат’ бўйида қурилаётган дала ҳовлисига борган бўлган.

‘Ичган, маст бўлиб машинага ўтирган’, деган гапларга ишонмайман. Чунки уни ўша куни ифторликка айтишган, кимдир  ‘Чирчиқда ифторликка шошилаётгандик’, деб айтган эди. Муҳриддин ифторликка бориб, ‘Чирчиқдаги дала ҳовлимда қоламан’ деб кетган. Балки, тезроқ юришгандир.  Лекин рулда ўтирган болани ичганлигини кўзим билан кўриб, қўлим билан ушламадим, тергов варақаларини кўрганимда ҳам бу нарса ёзилмаган эди. Одамлар ҳар хил гап-сўзларга ишонишмаса яхши бўларди.

Шаҳобиддин Холиқов, Муҳриддин Холиқовнинг акаси

«Божалар» гуруҳи аъзоси Мўмин Орипов

Фото: Google

«Божалар» гуруҳи аъзоси Мўмин Орипов 2009 йилнинг 29 июнь куни мудҳиш автоҳалокат сабаб вафот этган. «Божалар» гуруҳининг аъзоси Жавлон Шодмоновнинг журналист Феруз Муҳаммадга маълум қилишича, ҳалокат Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида бўлган. Автоҳалокат натижасида Жаҳонгир Фозилжонов ҳамда Жавлон Шодмонов оғир тан жароҳатлари олишган ва ойлаб шифохонада ётишган.

Маълумот учун, Мўмин Орипов «Бойвачча», «Нортой», «Аччиқ ҳаёт» сингари фильмларда турли даражадаги ролларни ижро этган. «Қалбаки дунё» деб номланган фильмга режиссёрлик қилган.

Шаҳзод Ғуломов (Radius 21)

Radius 21 номи билан машҳурликка эришган рэпер Шаҳзод Ғуломов 2010 йилнинг  12 сентябрда Пискент шаҳри постига яқин жойда автоҳалокат сабабли оламдан ўтган.

Фото: Google

Ушбу воқеа ҳақида рэпернинг укаси Бекзод Ғуломов журналист Феруз Муҳаммадга гапириб берди.

Акам Шаҳзод Ғуломов (Radius 21) Пискент шаҳри постига яқин жойда Matiz русумли машинасида оиласи билан кетаётган бўлган. Уларга қарама-қарши йўналишдан эса кантрабанда маҳсулотларини постдан олиб қочаётганлар келиб урилган. Шаҳзод акам автоҳалокат бўлганда воқеа жойининг ўзида оламдан ўтган, 3 ярим ойлик фарзандлари Бексултон эртаси куни вафот этган. Бексултон акамнинг битта-ю битта фарзанди эди.

Бекзод Ғуломов, Шаҳзод Ғуломовнинг укаси

Маълумот учун, Radius 21 «Севги фазоси», «Онаизор», «Бойвачча» каби фильмларда турли даражадаги ролларни ижро этган.

Актриса Фарангиз Режаметова

Актриса Фарангиз Режаметовани 2018 йили 20 июль куни Абдулла Қодирий ва Маҳатма Ганди чорраҳасидаги пиёдалар ўтиш жойида Mercedes-Benz машинаси уриб кетган. Ҳайдовчи жабрланувчини касалхонага олиб борган, аммо йўлда Фарангиз оламдан ўтган.

Фото: Facebook

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳайдовчи тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган қизга йўл бермасдан, уни уриб юборган.

Маълумот учун, 1993 йилда туғилган Фарангиз Режаметова санъаткорлар сулоласи вакили эди. Онаси — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фотима Режаметова, бобоси — Ўзбекистон СССРда хизмат кўрсатган артист Тўғон Режаметов. Фарангиз «Сеҳрли қалпоқча», «Уй бекаси» каби ўнлаб кино ва сериалларда рол ижро этган. Шунингдек, Зулфиқор Мусоқовнинг «Ойижон» фильмида бош ролда ўйнаган.

Актриса Гавҳар Шарипова

Актриса Гавҳар Шарипова ҳам автоҳалокат натижасида оламдан ўтди.

Фото: Kino-teatr.ru

Қашқадарё вилоят ЙҲХБ ахборот хизматининг маълумот беришича, воқеа 18 ноябрдан 19 ноябрга ўтар кечаси соат 01:00 да содир бўлган. Ғузор туманининг Ёрғунчи қишлоғида ҳаракатланиб кетаётган автобусда йўловчи сифатида Сурхондарё вилоятидан Самарқанд вилоятига кетаётган актриса ҳайдовчига автобусни тўхтатишини, тушиб қолишини айтган. Бироқ ҳайдовчининг огоҳлантириши ва автобус тез ҳаракатланаётгани ҳақида огоҳлантиришига қарамасдан автобус эшигини очувчи тугмани босиб, юриб кетаётган автобусдан тушишга уринган. Ва бахтсиз ҳодиса сабаб воқеа жойида вафот этган.

Кейинроқ Isuzu юк автомобили ҳайдовчиси актрисага шилқимлик қилгани, у эса юриб кетаётган юк машинасидан ўзини ташлагани маълум бўлди.

Маълумот учун, актриса Гавҳар Шарипова 1980 йилда Навоий шаҳрида туғилган бўлиб, «Алданган аёл», «Гўзаллик сири», «Алпомиш», «Гулхан атрофидагилар», «Сарвиноз» каби фильмларда ҳам турли даражадаги ролларни ижро этган.