5 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Россия федерацияси Вологда вилоятидан ташриф буюрган тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда ҳоким ўринбосари Шароф Раҳмонов Вологда вилояти губернаторининг ўринбосари Виталий Тушинов икки томонлама муносабатлар ва ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама этди.
Ўзаро мулоқот давомида Шароф Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан Россия федерациясининг вилоят ва шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганлигини таъкидлаб ўтди. Аввал ўзаро алоқалар нефть, газ ва телекоммуникация соҳаларида йўлга қўйилган бўлса, ҳозирда ҳамкорлик кўлами кенгайганлигини қўшимча қилди. Хусусан, Вологда вилояти билан ўзаро товар айланмаси 100 миллион АҚШ доллари миқдорида эканлигини қайд этиб, бу кўрсаткични камида беш баробар кўпайтиришга имконият ҳамда шароит етарли эканлигини айтиб ўтди. Шунингдек, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан қатор таклифларини билдирди.
Вологда вилояти губернатори ўринбосари Виталий Тушинов Тошкентдаги ўзгариш ва янгиланишларни эътироф этиб ўтди. Шунингдек, савдо-иқтисодий, саноат ва қурилиш йўналишидаги ҳамкорлик бўйича мулоҳазаларини баён этди. Қурилишда ёғочли биноларни барпо қилиш таклифини билдирди. Шунингдек, тахтани қайта ишлаш, қандолатчилик, экологик тоза кийимлар ишлаб чиқариш ҳамда балиқчилик бўйича ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш икки томон учун ҳам аҳамиятли эканлигини маълум қилди.
Учрашувда иштирок этган икки томоннинг тадбиркорлари ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш борасида фикр алмашди.
Изоҳ (0)