Андижонда қарздорлик сабаб хонадонни электр тармоғидан узаётган МИБ ходими калтакланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

МИБ матбуот хизматининг «Дарё»га маълум қилишича, МИБ Андижон шаҳар бўлими давлат инспектори томонидан шаҳарнинг Бирлашган кўчасида яшовчи аёл О.С.га сентябрь ойида истеъмол қилинган электр энергиясидан бўлган 3 миллион 835 минг сўм қарздорлиги учун талабнома тақдим этилган бўлиб, истеъмолчи белгиланган муддатда қарздорликни бартараф этиш чораларини кўрмаган.

Ушбу истеъмолчининг 3 октябрь ҳолатига электр энергиясидан жами 4 миллион 527 минг сўм қарздорлиги йиғилиб қолган. Шу сабабли, 4 октябрь куни МИБ Андижон шаҳар бўлими давлат инспекторлари О.С.нинг яшаш хонадонини тармоқдан узмоқчи бўлганида, унинг онаси М.К. давлат инспекториларидан бирини уйидан ўзи билан олиб чиққан хода (ёғоч бўлаги) билан уриб, хизмат вазифасини бажаришига фаол қаршилик кўрсатган.

Мазкур ҳолат юзасидан 5 ноябрь куни Андижон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу моддада энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоси кўзда тутилган.

Ҳозирда воқеа юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.