Ўзбекистонда 2020 йил 1 январдан бошлаб тўй-маросимларда иккитадан ортиқ хонанда (мусиқий гуруҳ)нинг иштирок этиши мумкин эмас, бироқ бу борада санъаткорларнинг ҳам фикрини эшитиш, уларни ҳам рози қилиш мақсадга мувофиқ. Бу фикр сенатор Иқбол Мирзо томонидан билдирилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.

Иқбол Мирзо.
Фото: «Дарё»

Тўй маросимларига кўпи билан икки хонанданинг келиши билан боғлиқ чеклов масаласида қўшиқчиларнинг ҳам фикрини эшитиб, уларнинг розилигини ҳам олиш керак — балки улардан ҳам жўяли таклиф чиқиб қолар?! Масалан, хонанда ҳар бир борган тўйидан солиқ тўласин, деган масалалар кўтариляпти.

Санъаткорнинг даражасига қараб, тўлов категорияси — давлатга тўлайдиган божи бор. Энг машҳур қўшиқчилар ҳам жуда катта пул тўламайди аслида. Ҳаваскорлар учунгина имтиёзлар бор. Халқ артисти «Ўзбекконцерт»га бир йилда 22 миллион сўм атрофида тўлов қилиши керак. Шу пулни баъзи хонандалар яримта тўйда топади. Лекин шунча пул топса ҳам, божни тўлагиси келмайди.

Озодбек Назарбеков ҳам шу пулни тўлайди, Фарғонада ижод қиладиган халқ артисти ҳам шунча тўлайди. Унвонлар бир хил бўлгани билан тўйга бориш ҳақи ҳар хил. Фарғонадаги қўшиқчи битта тўйга 100 долларга боради — шунинг учун у пулни тўламай, «Ўзбекконцерт»дан қочиб юраверади.

Мен бир пайтлар йиллик тўлов қийматини пасайтириб, арзон қилишни таклиф қилган эдим. Лекин бу нарса амалга ошмади.

Иқбол Мирзо, сенатор

2019 йил октябри бошида Ўзбекистон Сенати Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низомни эълон қилган эди. Низом талабларини бузган тўй эгалари базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (1 ноябрь ҳолатига кўра — 2,23 миллион сўм), тўйхона эгалари эса 30 баравари (6,69 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилиши мумкин.

Аввалроқ сенатор Иқбол Мирзо дабдабали тўй қилаётганларни халқ олдида шарманда қилишни таклиф қилгани ҳақида хабар берилган эди.