Боливиянинг амалдаги президенти Эво Моралес 20 октябрда бўлиб ўтган президентлик сайловининг биринчи турида ғалаба қозонди. Мамлакат олий сайлов суди эълон қилган натижалар шундан далолат бермоқда, дея хабар берди «РИА Новости».
Моралес 47,07 фоиз, унинг асосий рақиби Карлос Меса 36,51 фоиз овоз тўплади. Биринчи турда ғалаба қозониш учун номзод 50 фоиздан ортиқ ёки камида 40 фоиз, бироқ рақибидан 10 фоиз фарқ билан овоз йиғиши зарур эди.
Бу икки номзод орасидаги фарқ 10,56 фоизни ташкил этди, бу эса Моралеснинг қўли баланд келганини англатади. У тўртинчи бор Боливия президенти лавозимини эгалламоқда.
Овозларни ҳисоб-китоб қилиш чоғида мамлакатнинг қатор шаҳарларида тартибсизликларга айланиб кетган намойишлар бошланди. Намойишчилар сайлов судининг маҳаллий бўлимлари биноларига ўт қўйгани айтилмоқда. Моралес буни давлат тўнтаришига уриниш сифатида баҳолади.
Изоҳ (0)