Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида номаълум аёл 48-умумтаълим мактаби ўқувчисини ўғирлаб, уйига олиб кетган.

«Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаевнинг хабар беришича, ҳодиса 7 октябрь куни тумандаги Булоқбоши қишлоғида рўй берган.

Номаълум аёл мактаб ўқувчисини уйига олиб бориб, сўнг боланинг онасини чақиртирган. Кундоши келгач, боланинг бўйнига пичоқ тираб, «эр меники, кўнмасанг болангни сўйиб ташлайман» деб таҳдид қилган.

Маълумотларга қараганда, туман ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан аёл ҳибсга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

«Дарё» мухбири ҳозирда ушбу ҳодиса билан боғлиқ ҳолатларни ўрганмоқда.