Тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг ўз оилаларига юбораётган маблағлари асосан фарзандларининг ўқиш пулини тўлашга ва дори-дармонга сарфланиши аниқланди. Бу ҳақда Тожикистон телеграф агентлиги маълумотига таяниб Regnum хабар берди.
Тожикистон миллий банки илмий-тадқиқот институти ўтказган социал тадқиқотда 2,2 мингдан ортиқ мамлакат фуқаролари иштирок этди.
Ўқиш тўловлари ва дори-дармондан кейин рўйхатнинг учинчи ўринни тўй ва марака тадбирлари эгаллаган, сўровда иштирок этганларнинг 11 фоизи пулнинг ушбу маросимларга сарф этилишини билдирган. 9,3 фоизи пулларнинг уй-жой харид қилишга, 7,1 фоизи эса қурилиши ва таъмирлаш ишларига сарф қилинишини маълум қилган.
Шунингдек, тадқиқот иштирокчиларининг 4,7 фоизи маблағ эвазига автотранспорт сотиб олиши, 3,3 фоизи зиёрат ва саёҳатга чиқиши, 2,1 фоизи тадбиркорлик билан шуғулланиши, 1,3 фоизи ҳунармандчиликка сарф этиши ва яна 1,1 фоизи эса зарагарлик буюмлари харид қилишини айтиб ўтган.
Сўровнома натижаларига кўра, Тожикистон аҳолисининг 62 фоиз қисми муҳожирлар юборган пул ўтказмалари ҳисобидан рўзғор тебратиши ва кун кечириши маълум бўлган.
Изоҳ (0)