Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан «Умра — 2019» мавсуми бўйича брифинг ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Брифингда айтилишича, 2019 йил Умра мавсуми учун сарф-харажатлар сметаси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ ўтган Умра сафари учун тўланадиган маблағ миқдоридан арзонлаштирилган. Яъни, 11 миллион 600 минг сўмдан 11 миллион 450 минг сўмга туширилган.

Таъкидланганидек, жорий йил сентябрь ойидан бошлаб Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги томонидан ҳар бир зиёратчи учун қўшимча 132 АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилмоқда. Келишувга кўра, мазкур қўшимча маблағ Умра зиёрати учун жорий йил ноябрь ойидан бошлаб тузиладиган кейинги шартномада қўшилиши белгилаб олинди.

Шунингдек, Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкорлар томонидан ўзбекистонлик зиёратчиларни кутиб олиш ишлари ниҳоясига етган ва улар учун барча шарт-шароитлар ҳозирлаб қўйилган.

Жумладан, ҳар бир зиёратчи учун тўланадиган маблағ ичида Саудия Арабистони Подшоҳлиги расмий визаси, Тошкент — Жидда — Тошкент йўналиши бўйича авиачипта, Макка ва Мадина шаҳарларидаги 5 ва 4 юлдузли меҳмонхона, таомлар, сархил мевалар, ширинлик ва салқин ичимликлар қамраб олинган. Шунингдек, 24 соатлик бепул тўлиқ тиббий хизмат, Ўзбекистон рамзлари туширилган махсус нимча ва сумка, Умра қўлланмаси (китоби), бейжик, қўл тасмаси, вакцина, замонавий транспорт ҳамда бошқа зиёрат хизматлари киритилган. Зиёратчилар учун меҳмонхоналарда юқори даражадаги сервис хизмати йўлга қўйилади.

Умра сафари давомида зиёратчиларимизга хизмат кўрсатиш, уларнинг ибодатлари мукаммал бўлиши учун билимли, тажрибали гуруҳ раҳбарлари саралаб олинган. Умра зиёрати 10 кунни ташкил этиб, юртдошлар 3 кун Мадинаи мунаввара, 7 кун Маккаи мукаррама шаҳарларида бўлади.

Умра сафари давомида зиёратчиларга 5 нафар ишчи гуруҳи аъзоси, 200 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши) ва 47 нафар шифокор хизмат кўрсатади.

Кириш визаси билан боғлиқ масалалар тез орада ҳал этилгандан сўнг, Умра сафарига отланган биринчи гуруҳ зиёратчиларнинг Саудия Арабистонига жўнаб кетиш куни Дин ишлари бўйича қўмита расмий веб-сайти орқали эълон қилинади.