Иқтисодий ҳамкорлик бўйича «Марказий Осиё» халқаро савдо маркази Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида яратилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон савдо ва интеграция вазири ўринбосари Қайрат Торебаев маълум қилди, деб ёзмоқда «Kun.uz».
Вазирлик томонидан қайд этилишича, Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги асосий стратегик шериги Ўзбекистон ҳисобланади. Умумий қиймати 210 миллион доллар бўлган 70 турдаги маҳсулотни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш мумкин, деб таъкидланади вазирлик томонидан.
Қайрат Торебаевнинг айтишича, Ўзбекистон билан ҳамкорлик доирасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича «Марказий Осиё» халқаро савдо маркази лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Вазир ўринбосарининг маълум қилишича, музокараларнинг бир неча раунди бўлиб ўтган ва мазкур халқаро марказ учун бешта жой танлаб олинган. Халқаро марказнинг мақсади Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегарада кичик улгуржи ва чакана савдонинг янги форматини йўлга қўйиш, халқаро туризмни ривожлантириш, логистика хизматларини яхшилаш ва чегаравий бизнес кооперациясини йўлга қўйиш ҳисобланади.
Лойиҳани амалга ошириш босқичида 10 минг ишчи ўрни, савдо маркази ишга тушганидан кейин эса 40 минг ишчи ўрни яратиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)