Forbes YouTube’да ойига 500 минг АҚШ доллари ишлаб топаётган қизалоқ ҳақида мақола эълон қилди.

Фото: Instagram/Funnystacy

Настя Радзинская серебрал фалажлик касаллиги билан туғилган, ўшанда шифокорлар унинг гапирмаслиги ва юра олмаслигини айтганди.

Қизалоқнинг ота-онаси бор кучини уни даволашга сафарбар қилди ва бир неча йилдан кейин Настядаги касаллик белгилари йўқола бошлади. Даволашнинг асосий услубларидан бири камерага ишлаш бўлди: ота-онаси қизчанинг шу йўл билан атрофни ўрганишини таъминлади.

«Биз YouTube’да болалар учун канал борлигини ва у ерда оммавийлашган видеолар кўплигини билиб қолдик. Настяга боланинг совға очиш жараёнини қўйиб кўрсатишга ва унинг бунга муносабатини билишга қарор қилди», — дейди қизчанинг онаси Анна.

Бугун Настянинг бешта каналидаги обуначиларининг умумий сони 87 миллиондан кўпроқ ва улар қизнинг роликларини рус, инглиз, араб ва испан тилларида кузатиб боради.

Янги кийим кийган қизалоқнинг қувонч билан мактабга йўл олаётгани, ўжарлик қилиши ва батутда сакраши ҳақидаги самимий видеонинг ўзи ёш актрисага ойига минглаб доллар даромад келтиради.

Россия қишининг узоқ давом этишидан чарчаган Радзинскийлар оиласи 2017 йил охирида Америкага кўчиб кетишга қарор қилди. Блогдан келаётган даромад оилага яхши яшаш учун шароит яратди — улар Майамидан янги уйни ижарага олди ва бу ер янги видеолар тасвирга олиш учун ўзига хос полигонга айланди.

Фақат ташқаридан қараганда блог юритиш осондек кўринади. Бир кун ўтказиб юборилса, кўришлар сони камаяди, бу эса тушумга таъсирини ўтказади.

Анна Радзинская, влогер қизалоқнинг онаси

Ҳозирги кунда Like Nastya Vlog асосий каналининг обуначилари сони 34,3 миллионни ташкил қилади, битта видеонинг рекорд кўришлари сони 724 миллион марта. Настя шу тариқа барқарор одимлаган ҳолда дунёнинг энг таниқли 10 та блогери орасига кириб бормоқда.