Отабек Бакиров энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг блогер постлари юзасидан қайта киритган шикоятини танқид қилиб чиқди. Журналистларга берган интервьюсида у вазирлик ресурслари муаммоларни ҳал қилишга эмас, танқидий фикрларни бостиришга сарфланаётганини айтди, дея хабар берди “Дарё” мухбири.
Бакировга кўра, энергетика вазирининг постлар юзасидан кетма-кет шикоят бераётгани тушунарсиз. У бу жараёнга вазирликнинг инсоний ва маъмурий ресурслари, шунингдек, ички ишлар, прокуратура, суд ва экспертиза тизимлари жалб қилинаётганини таъкидлади. Блогернинг айтишича, бир йил беш ойдан бери давом этаётган жараёнда тўрт марта экспертиза тайинланган, навбатдаги текширувлар эса ҳануз давом этмоқда.
Унинг таъкидлашича, шу вақт ва ресурслар энергетика тизимидаги узилишлар, газ тақчиллиги ва электр таъминотидаги муаммоларни бартараф этишга йўналтирилганида, натижа бошқача бўлиши мумкин эди. Бакиров, хусусан, қиш мавсумида миллионлаб ҳайдовчилар метан заправкалардаги газ бор-йўқлигини аниқлаш учун вақт йўқотаётганини, Avto24 иловасидаги маълумотлар эса бу муаммони ҳал қилмаганини эслатди.
“Орада икки қиш ўтди, аммо ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Агар Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳеч бўлмаса шу муаммони ҳал қилганида, унинг даъволарини ўринли деб билган бўлардим. Унда мен ҳам бемалол ‘ҳа, узр, Жўрабек Турсунпўлатович, ишлабсиз, раҳмат’, деган бўлардим”, деди Отабек Бакиров.
Блогер, шунингдек, вазирнинг шикояти фақат Avto24 ёки газ таъминоти ҳақидаги постлар билан чекланмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, вазир аризасига энергетика, Saneg, қувват танқислиги, “шиширилган лойиҳалар” ва соҳадаги бошқа муаммолар ҳақидаги твитлар ҳам илова қилинган. Бакиров буни вазир танқидий постларни йиғиш учун вақт топаётгани, бироқ тизимдаги муаммоларни ҳал қилишга етарли эътибор қаратмаётганининг белгиси сифатида баҳолади.
Эслатиб ўтамиз, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аввалги аризаси бўйича жиноят иши қўзғатиш рад этилганидан кўп ўтмай, 2024 йил 26 декабрь куни эълон қилинган бир неча постлар юзасидан пойтахт ИИББга яна шикоят қилган . Унда блогернинг Telegram’даги бир неча постларига ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чора кўриш сўралган.
Идора мазкур мурожаат юзасидан 2026 йил 23 январда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор чиқарган. Аммо 2026 йил 25 март куни Тошкент шаҳар прокуратураси ушбу рад этиш қарорини бекор қилган. Шундан сўнг материаллар Яшнобод тумани ички ишлар бўлимига юборилган ва ҳозирда иш қайта кўриб чиқилмоқда.