Тошкент тумани Оқтош аҳоли пунктида «Трамадол» психотроп дори воситасининг 600 дона пластинкаси чегарадан ўтказилишининг олди олинди. Ҳар пластинкада 10 тадан таблетка бўлган.

Фото: Давлат хавфсизлик хизмати

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларидан «Дарё»га маълум қилишларича, ушбу психотроп моддалар «Фантом-4» русумли дрон ёрдамида Ўзбекистонга ўтказилган.

«Ҳозирги вақтда психотроп воситаларнинг ушланиши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади ДХХ томонидан тақдим этилган ахборотда.

Дори воситалари ва дрон кимга тегишли экани, гумонланувчилар қўлга олинган-олинмагани ҳақида қўшимча ахборот берилмаган.