ФИФА кунлари сабаб клуб футболида танаффус юзага келганди, ушбу ҳафтадан миллий чемпионатлардаги ўйинлар давом этади. «Дарё» 14—15 сентябрь кунги марказий ўйинлар ҳақида қисқача маълумот беради.
«Реал» — «Леванте»
14 сентябрь, 16:00Бугун Зинедин Зиданни осон бўлмаган синов кутиб турибди. Мавсум бошида жароҳатлар эпидемиясидан азият чекаётган жамоанинг яна бир нечта ўйинчиси терма жамоа сафидан жароҳат билан қайтди. Лука Модрич ва Федерико Вальверденинг жароҳатлари мадридликларга қимматга тушиши мумкин. «Реал» «Леванте»га қарши ўйин қайдномасига бор-йўғи учта ярим ҳимоячини киритди: Тони Кроос, Каземиро ва Хамес Родригес. Бунинг устига Хамес энди жароҳатидан фориғ бўлди ва унинг майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. Ёзги трансфер ойнасида Льоренте, Себальос каби ўйинчиларнинг қўйиб юборилгани ўзининг таъсирини кўрсатиши мумкин.
Бироқ «қаймоқранглилар» мухлисларини хурсанд қиладиган бошқа жиҳатлар ҳам бор. «Сантяго Бернабеу»даги ўйинда Эден Азар «Реал»даги дебютини ўтказиши мумкин. Бундан ташқари, Лука Йович ва Родриго каби футболчилар ҳам сафга қайтган.
«Леванте» иккита ғалаба қайд этган ҳолда турнир жадвалида тўртинчи поғонада кетмоқда. «Реал» эса ундан бир очко кам жамғарган.
«Ливерпуль» — «Ньюкасл»
14 сентябрь, 16:30Амалдаги вице-чемпион «Ливерпуль» ўз майдонида «Ньюкасл» билан баҳс юритади. «Ҳаккалар» мерсисайдликлар жамоаси учун жуда қулай рақиб ҳисобланади. «Ньюкасл» Англия Олий дивизионида ҳаммадан кўпроқ айнан «Ливерпуль»га ютқазган (75 марта). Бундан тақшқари, «Ливерпуль» кетма-кет 23 ўйиндан буён ўз майдонида «Ньюкасл»га ютқазмаган (19 ғалаба, 4 дуранг) ва бу ўйинларининг барчасида гол уришга эришган. Сўнгги бор «оқ-қора»лар 1994 йилнинг апрелида «қизиллар»ни «Энфилд»да мағлуб этишга (2:0) муваффақ бўлганди.
Айни дамда Юрген Клопп бошчилигидаги жамоа юз фоизлик натижа билан якка пешқадам бўлиб турибди. «Ливерпуль» бу ўйиндаги ғалаба орқали бир нечта рекордларни қайд этиш имкониятга эга.
«Фиорентина» — «Ювентус»
14 сентябрь, 18:00Ортда қолган икки турдан кейин олти очко жамғарган «Ювентус»ни Флоренцияда мураккаб баҳс кутиб турибди. Маурицио Сарри шогирдлари аввалги икки турда «Парма» (1:0) ва «Наполи» (4:3) устидан қийин ғалабаларга эришиб, ҳали мағлуб бўлмаган учта жамоанинг бири бўлиб турибди.
«Фиорентина»да эса аксинча ҳолат, Винченцо Монтелла бошчилигидаги жамоа мавсумни иккита мағлубият билан бошлади. «Бинафшаранглилар» «Наполи» (3:4) ва «Женоа» (1:2) каби жамоалардан аламли мағлубиятни қабул қилиб олди. Шундай бўлсада, жамоа ҳар қандай шароитда ўз майдонида кучли ўйин кўрсатадиганлар сирасига киради.
«Манчестер Юнайтед» — «Лестер»
14 сентябрь, 19:00Илк турдаги ғалабадан кейин «Манчестер Юнайтед» кейинги учта ўйинда фақат бир очко тўплай олди. Бугун Оле-Гуннар Сульшер шогирдлари «Олд Траффорд»да «Лестер» қаршилигини синдиришга уриниб кўради.
«Лестер» ортда қолган тўрт турда 8 очко тўплаган ҳолда учинчи ўринда кетмоқда, улардан олдинда фақат «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» бормоқда. Бренден Рожерс жамоани янги мавсумга яхши тайёрлагани кўриниб турибди. Тўп назоратидаги юқори кўрсаткичлар ҳам буни исботламоқда. Бунинг устига Тилеманс—Мэддисон—Варди ҳужум учлигини тўхатитиш рақибларга осон бўлмаяпти.
Ёзда бир нечта етакчисини йўқотган ва ҳимоя чизиғини мустаҳкамлашга уринган «қизил иблислар» эса ўйин томонлама ёмон кўринмаётган бўлсада, бироқ натижа бунинг аксини кўрсатмоқда. Хуллас, бугун Манчестердаги ўйин тур безагига айланиши катта эҳтимол.
«Лейпциг» — «Бавария»
14 сентябрь, 21:30Европада ҳафтаданинг марказий ўйинларидан бири Лейпцигда кечади. Ортда қолган турларда йўқотишсиз келаётган «Лейпциг» ўз майдонида амалдаги чемпион «Бавария»ни қабул қилади.
Юлиан Нагелсман қўл остига ўтган саксонияликлар тақвимнинг қийинлигига қарамасдан мавсумни кўтаринки руҳда бошлади. Жамоа «Унион» (4:0), «Айнтрахт» (2:1) ва «Боруссия М» (3:1) каби клубларни доғда қолдиришга эришди. «Буқалар» ўз майдонида ҳар қандай рақибга етарли қаршилик қила олишини инобатга олсак бугунги ўйинда Нико Ковачга осон бўлмаслиги аниқ.
Мавсумнинг дастлабки ўйинида «Ҳерта» билан дуранг ўйнаб қўйган «Бавария» қолган икки турда йирик ғалабаларни қўлга киритди. Терма жамоалардан клуб тасарруфига етиб келган футболчилар қай даражада тайёрлигини бугунги баҳсда кўриб оламиз.
«Барселона» — «Валенсия»
14 сентябрь, 23:59Яна бир марказий учрашувлардан бирига Барселона шаҳри мезбонлик қилади. Мавсумни жуда ёмон бошлаган каталонлар «Валенсия»га қарши баҳс олиб боради.
«Барселона» ўтган уч турда фақат 4 очко тўплай олди. Месси, Дембеле ва Суарессиз қолган жамоа ўйин борасида қийинчиликларга учрамоқда. Луис Суарес сафга қайтган бўлсада, терма жамоа сафида Самюэль Умтити жароҳат билан қайтди.
«Валенсия»да эса бир неча кун олдин мураббий алмашди. Жамоанинг ички муҳити бузилгач, Марселино Гарсия Торал истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнини «Барселона» ва «Реал» собиқ ўйинчиси Алберт Селадес эгаллади. Мутахассиснинг илк учрашуви эса жуда қийин рақибга қарши кечадиган бўлди. Бунинг устига «Барселона»га қарши ўйин унинг учун принципиал аҳамиятга эга. Ўтган йили Хулен Лопетеги қўл остидаги «Реал»да ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаган мутахассис айнан каталонларга қарши баҳсдаги йирик мағлубиятдан (1:5) кейин Мадридни тарк этганди.
«Навбаҳор» — «Пахтакор»
15 сентябрь, 18:30Якшанба кунининг марказий беллашуви Наманганда бўлиб ўтади. Андрей Канчельскис қўл остига қайтган «Навбаҳор» жамоаси «Пахтакор»ни қабул қилади.
Бир неча ой муқаддам россиялик мутахассис қониқарсиз натижалар сабаб истеъфога чиқарилганди. Бироқ ундан кейин келган Деян Журжевич ҳам айтарли натижа қайд эта олмади ва наманганликлар раҳбарияти Канчельскисни ортга қайтарди. 6-ўринда кетаётган жамоа ОЧЛга йўлланма тақдим этиши мумкин бўлган иккинчи поғонадаги «Локомотив»дан 10 очко ортда қолмоқда. Шу сабаб, ҳар бир ўйинда жамоа фақат юз фоизлик натижа учун майдонга тушиши керак бўлади.
«Пахтакор» ва Шота Арвеладзе учун «лочинлар» энг ноқулай рақиблардан бири ҳисобланади. Ўтган мавсум «Марказий»да кечган иккита ўйиннинг бирида мезбонлар минимал ҳисобдаги ғалабани қўлга киритган, иккинчи босқичда эса 3:3 ҳисоби қайд этилганди. Ушбу мавсумнинг биринчи даврасида Тошентдаги ўйин ҳам 2:2 ҳисобидаги жанговар дуранг билан якун топган эди.
Нодирхон Ҳамидхонов тайёрлади
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)