Эсингизда бўлса, «Дарё» 2 август куни «Cobalt’сиз қолган Шавкатбек, Зироатхон ва Саидахон. Ургутда туғилган эгизаклар нега эътиборсиз қолиб кетди?» сарлавҳаси остида Ургут тумани, Тўрткўл маҳалласига қарашли Қорачекман қишлоғида яшовчи Қўзибоевлар оиласида туғилган уч эгизак – Шавкатбек, Зироатхон, Саидахонларнинг эътиборсиз қолиб кетгани ҳақида мақола чоп этган эди. Анча баҳсли мавзуга бағишланган бу мақола қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди. Шунингдек, туман ҳокимияти томонидан муаммони ҳал этиш бўйича муайян чоралар кўрилди.
«Дарё» эски мавзуга қайтиб, Қўзибоевлар оиласининг кейинги тақдири қандай кечганига қизиқди. «Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош Қорачекман қишлоғига бориб, эгизакларнинг ҳолидан хабар олди.
Ўша мақолани деб кўплаб ўқувчилардан таъна-дашномлар эшитдим. Эътирозларнинг аксарияти «давлат ундай оилаларга автомобиль совға қилишга ёки эътибор беришга мажбур эмас» деган мазмунда бўлди.
Шу ерда бир ҳолатни эътироф этиб кетишни хоҳлар эдим. Мен мақолада «учта туғилган эгизакка автомобиль берилсин» деган фикрни илгари сурмаганман. Шунчаки уч эгизак ҳар қандай ўртаҳол оилани шошириб қўйиши, уларнинг озиқланиши, кийим-кечаги, тагликлари учун ҳар ой камида 1,5–1,8 миллион сўм харажат бўлишини ва бу харажатни ўртача оилалар қила олмай қийналиб қолиши ҳақида ёзганман; ҳокимият, туман хотин-қизлар қўмитаси ҳеч бўлмаганда ҳомийларни жалб қилиб, туғилган эгизакларнинг озуқаси ва бошқа харажатларига ёрдам бериши лозимлигини ёзганман. Ҳозир ҳам шу фикримда собит турибман.
Энди асосий гапларга ўтаман. Бундан уч кун олдин болаларнинг ҳолидан хабар олиш учун яна ўша хонадонга бордим. Хонадон аҳлининг менга илк айтрган гапи «Ўзи сизга анча олдинроқ қўнғироқ қилмоқчи бўлдик, аммо яна тамагирликка йўйманг деб индамавдик. Мана сизни Худонинг ўзи етказиди» бўлди. Уларнинг бу гапидан ҳайрон бўлдим.
Улар вазиятни очиқлади. Эгизаклар онасининг айтишича, мен улар ҳақида ёзиб чиққанимдан кейин уларнинг хонадонига Ургут туман хотин-қизлар қўмитасининг раисаси келган ва хонадонга кир ювиш машинаси, озроқ болалар озуқаси, болаларга бир сидра кийим ва таглик бериб, табриклаб кетган. Шунингдек, Ургут туман соғлиқни сақлаш бўлимининг болалар бўлими врачлари ва Самарқанд шаҳридаги 4-туғруқхонанинг Сардор деган (фамилиясини билишмас экан) врачи келиб, болаларни кўрикдан ўтказган; ҳар икки томон болалар озуқаси ва тагликлар олиб келган. Бу ишлар август ойининг бошларида бўлган.
Шундан кейин болалар врачлар томонидан олиб келинган озуқани ёқтирмаган ва илк марта едиришганда учаласининг ҳам мазаси бўлмай, бир муддат даволанган. Болалар озуқаси шундоқ турибди, бобоси эгизаклар аввал истеъмол қилиб келган озуқадан топиб келган.
Қисқаси, бугун эгизаклар оиланинг қўли калталиги учун озуқа масаласида қийналмоқда. Онасининг айтишича, август ойидан бола парвариши учун ажратиладиган нафақа пули чиққан. Аммо 400 минг сўмдан сал ошиқ бўлган нафақа пули эгизакларнинг бир 4–5 кунлик озуқасига етяпти холос.
Бугун уч эгизак нархи 65 минг сўм турадиган озуқадан бир қути истеъмол қилаётган экан. Шунинг ўзи бир ой, 30 кунга 1 950 000 сўм бўлади. Оила бюджети эса ҳозир бир ойга бунча пулни кўтармайди.
Ҳозир ҳолатимиз жуда танг. Болаларим озуқа масаласида жуда қийналяпти. Қайнотам амаллаб топиб келяптилар, лекин озуқа учун пулни қаердан оляптилар билмайман. Тахминимча, озуқани дўкондан қарзга олиб келяптилар ёки кимдандир қарз оляптилар. Бу ҳақда сўрасак, «сен озуқани қаердан, қандай олиб келаётганим билан қизиқма, болаларга яхши қара» дейдилар.Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Аслида юқоридаги гаплар ёзилмаслиги ҳам мумкин эди. Эгизакларнинг хонадонига бориб, уларнинг аҳволини кўриб, бу ҳақда Ургут туман ҳокимлиги мутасаддиларидан бирига қўнғироқ қилиб айтдим, имкони бўлса ҳомийлардан жалб этиб, эгизакларга фақат озуқа томонлама ёрдам беришларини илтимос қилдим. Ҳокимлик мутасаддиси албатта ёрдам беражакларини, эртанинг ўзида туман хотин-қизлар раисаси бориб ёрдам кўрсатишини айтди. Ўша гапга ҳам тўрт кун бўлди. Эгизакларга ҳеч ким ёрдам кўрсатмаган. Ёрдам кўрсатилганида бу гаплар ёзилмас эди.Ишонсангиз, август ўрталарида қайнотам иш юзасидан беш кунга Қаршига кетиб қолдилар. Ана шу беш кун болаларим оч қолди. Бу орада озгина даволанишди, ҳаммасини ўзимиз сотиб олиб келдик. Қишлоқ врачлик пункти ҳам, туман соғлиқни сақлаш бўлими врачлари ҳам етарли эътибор бераётгани йўқ.
Умуман олганда, ҳозир болалар озуқаси бўйича жуда ёрдамга муҳтожмиз. Аммо кимнингдир олдига бориб қарз сўрашга ҳам, ҳокимиятга бориб «ёрдам беринглар» дейишга ҳам истиҳола қилиб турибмиз.
Янги туғилган гўдакларда кун сайин озуқа ейишни оз-оздан кўпайиб боради. Биз ана шу миқдорни кўпайтира олмаяпмиз. Озуқани борича бериб, етказишга уриняпмиз. Шу туфайли болалар бироз озиб қолди.
Мафтуна Қўзибоева
Вазиятдан фойдаланиб, эгизаклар масаласида иккита таклифимни ёзиб кетай, зора тегишли ташкилотлар инобатга олишса.
Биринчиси эгизаклар туғилганда уларга бола парвариши учун тўланадиган нафақа билан боғлиқ. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарорида белгиланган «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби ҳақида»ги низомга мувофиқ, бола парвариши учун тўланадиган нафақа болалар нечта эгиз туғилса ҳам битта бола учун ажратилади. Ўша низомда «Болани парвариш қилиш нафақаси ҳар ойда белгиланган энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида тўланади. Туғилган болалар сони унинг миқдорига таъсир ўтказмайди – икки, уч нафар бола парвариш қилинганда ҳам аёл ўша ЭКИҲнинг икки баравар миқдорини олаверади», деб ёзиб қўйилган.
Эгизакларга бундай ҳолатда бола парвариши учун фақат биттаси ҳисоблаб нафақа ажратилиши ўтакетган адолатсизликдир. Тегишли ташкилотлар шу низомни ҳам, дахлдор қонунларни ҳам қайта кўриб чиқиши лозим ва бола парвариши учун тўланадиган нафақани эгизаклар нечта туғилишидан қатъий назар болаларнинг ҳар бирига ҳисоблаб тўланиши лозим. Чунки кўряпмиз – эгизаклар туғилганда уларнинг парвариши ҳар қандай оилани шошириб қўяди. Шундай экан, эгизаклар туғилганда ҳар бир болага ҳисоблаб нафақа ажратилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Масалан, юқорида тилга олганимиз эгизакларга ҳам уч нафар болага ҳисоблаб нафақа берилганда ўша маблағ (1 300 000 сўм атрофида) эгизакларни парвариш қилишда асқатар эди.
Иккинчи масала шуки, ҳозир юртимизда туғилаётган уч эгизакка қаерлардадир ҳокимлар томонидан «Президент совғаси» сифатида автомобиль бериляпти. Яна қаерлардадир туғилган эгизаклар эса қаҳрамонларимиздай озуқага пул топа олмаяпти. Шундай экан, энди учта ва ундан ортиқ эгизаклар туғилганда ҳаммасига бирдай ёрдам кўрсатиладиган тартиб керак. Ҳозир болалар нафақасини олиш ота-оналарга учун маълум бир шартлар қўйилади. Қандайдир ҳужжатлар талаб қилинади. Уч ва ундан ошиқ туғилган эгизаклар учун ўша талаблар бекор қилиниши лозим. Ана шунда мамлакат бўйлаб уч ва ундан ортиқ туғиладиган эгизакларга бир хил муносабат қилинган бўлади. Ҳозирги ҳолат ҳам, эгизакларга муносабат ҳам эса жуда тушунарсиз ва адолатсиз бўлиб қоляпти.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)