Мўйноқ тумани ҳудудида браконерлар Қорақалпоғистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инспекторларига ҳужум қилди. Бу ҳақда «Дарё»га қўмита мутасаддиси маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Инспекторларга қарата узилган ўқлар улар минган автомашинанинг 10 та жойига тегган. Кишилар омон қолган.

Таъкидланишича, ноқонуний овчилар 4-5 кишидан иборат бўлиб, уларга ўрмон хўжалиги ходими ҳам ҳамроҳлик қилган.

Фото: «Дарё»

Овчиларнинг кийик овлашга чиққанлиги айтилмоқда.

— Кеча бизга қораўзаклик ноқонуний овчилар кийик овлашга чиққан, деган сигнал бўлган эди. Улар машинасида кийик бўлганлиги учун қўлга тушмасликка ҳаракат қилиб қочган ва инспекторларнинг автомашинасига қарата ўқ узган. Ўқлар автомобилнинг радиатори ва капотига тегиб, юра олмай қолган, — дейди исми-шарифини очиқламаган мутасадди.

Фото: «Дарё»

Айни пайтда браконерлар қўлга олинган ва Қораўзак тумани ички ишлар бўлимида сақланмоқда.

Ҳозирча Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматидан бу тўғрисида маълумот олишнинг иложи бўлмади.

Фото: «Дарё»

Маълумотларга кўра, браконерлар 20 бош кийикни отиб ўлдирган.