«Тошкент» халқаро аэропортида 12 август куни Нью-Йоркдан келган Ўзбекистон фуқароси ноёб турдаги тўтиқушни тегишли рухсатномасиз олиб киришга уринди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси мабуот хизмати хабар бермоқда.
Ундан ёввойи флора ва фаунанинг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган турларнинг халқаро савдоси назорати остидаги CITES халқаро конвентациянинг 2-иловасига киритилган кўк-сариқ Ара (Ара арарауна) олиб қўйилган.
Тўтиқуш эгасида эса Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро Конвенцияга мувофиқ экспорт ва импорт қилиш ҳуқуқини берувчи CITES рухсатномаси бўлмаган. Шунингдек, тўтиқушда махсус ҳалқа ҳам бўлмаган.
Шу сабабли тўтиқушга ҳалқа тақилиб, вақтинчалик сақлаш учун Тошкент ҳайвонот боғига топширилган. Бу иш бўйича барча материаллар судга берилган.
Изоҳ (0)