Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги мактабларда ишловчи 25-35 ёшдаги, турмушга чиқмаган ва турмушидан ажраган аёлларнинг алоҳида рўйхати юритилишига оид маълумот пайдо бўлганди.

Фото: «Human.uz»

Шу муносабат билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Халқ таълими вазирлиги жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамага сабаб бўлаётган ушбу рўйхат бўйича юзага келган саволларга жавоб берди.

Қўмита ва вазирлик мазкур воқеликни жиддий ўрганиб чиқди. Маълум бўлишича, бу рўйхат Андижон шаҳар халқ таълими бўлими томонидан вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ишга қабул қилишда суҳбатга чақириш учун тузилган бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда аёл ходимлар, хусусан, педагоглар сонини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Рўйхатда қайд этилган аёллар розилиги олинган ҳолда суҳбатга юборилган, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлашни хоҳламаганлар эса рўйхатдан ўчирилган ва суҳбатга чақирилмаган.

«Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мазкур рўйхатнинг тузилишига мутлақо алоқаси йўқлигига қарамай, жамоатчилик олдида масъулиятни ҳис қилган ҳолда, тегишли идоралар билан биргаликда юқоридаги саволларга жавоб излади. Қўмита ва Халқ таълими вазирлиги ушбу рўйхатдаги аёллар масаласида аҳолининг ваҳимага тушишига ўрин йўқ деб ҳисоблайди», — дейилади баёнотда.

Фото: «Human.uz»

Олдинроқ Андижон шаҳар ҳокимлиги шундай рўйхат ҳақиқатан ҳам борлиги, у шаҳар Халқ таълими бўлими хотин-қизлар қўмитаси томонидан тузилгани, турмушга чиқмаган ва оиласидан ажрашган қизларга моддий-ижтимоий ёрдам бериш учун шакллантирилганини билдирганди.