Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва Хитойнинг бош божхона бошқармаси ўртасида ўзаро олиб борилган музокаралар муваффақиятли якунланди. Бу ҳақда «Ўздавкарантин» инспекцияси ахборот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва Хитой Халқ Республикаси Сифат, назорат, инспекция ва карантин бўйича бош маъмурияти ўртасида 2017 йил 5 июлда имзоланган келишувга мувофиқ, ҳозирга қадар Ўзбекистондан Хитойга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари фақатгина ҳаво йўллари орқали экспорт қилинаётган эди.
Республиканинг карантин остидаги маҳсулотлари, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Хитой Халқ Республикаси бозорига экспорти ҳажмини ошириш, тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортидаги рақобатбардошликни оширишга қаратилган янги инфратузилма яратиш мақсадида, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва Хитой Халқ Республикасининг Бош божхона бошқармаси ўртасида ўзаро олиб борилган музокаралар муваффақиятли якунланди.
Жумладан, ХХР тарафи жорий йилнинг август ойидан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Ўзбекистондан Хитойга нафақат ҳаво йўллари орқали, балки ер усти транспортларида Хоргос (Қозоғистон), Алашанкоу (Қозоғистон) ва Иркештам (Қирғизистон) чегара масканлари орқали экспорт қилинишига рухсат берилганлигини тасдиқлади.
Изоҳ (0)