Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Вазирлар Маҳкамасига 2019 йилги Инвестиция дастурига мувофиқ, умумий қиймати 4,2 миллиард доллар бўлган 145 та лойиҳа бўйича саноат объектларини муддатида ишга тушириш юзасидан топшириқлар берилди, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.
«Навоиязот» акциядорлик жамиятида поливинилхлорид ва азот кислотаси ишлаб чиқариш, Муборак газни қайта ишлаш заводида суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни кенгайтириш, Тўрақўрғон, Тахиатош ва Навоий иссиқлик электр станцияларида янги буғ-газ ускуналарини ўрнатиш, Тошкент металлургия заводини қуриш лойиҳалари шулар жумласидандир.
Таҳлилларга кўра, охирги 10 йилда ишга туширилган 40 тага яқин йирик корхона қувватларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.
Вазирлар Маҳкамаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига инвестиция дастурлари доирасида ишга туширилган корхона ва объектлар фаолиятини таҳлил қилиб, кам қувватда ишлаётганларини лойиҳа параметрларига олиб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда 2020—2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини шакллантириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ушбу дастурга, аввало, олий даражадаги ташрифлар доирасида имзоланган 650 га яқин келишувларга мувофиқ ишлаб чиқилган аниқ лойиҳаларни, шунингдек, нефть-газ хом ашёсини чуқур қайта ишлаш, муқобил энергетика, машинасозлик, электр техникаси, қурилиш материаллари, агросаноат каби юқори технологияли тармоқлардаги лойиҳаларни киритиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Изоҳ (0)