«Абитуриентлар рухсатномаси»ни 24/7 режимида Давлат хизматлари марказлари орқали олиш мумкин
20 июлдан бошлаб «Абитуриентлар рухсатномаси» топширилишига старт берилди. Ушбу ҳужжатни олиш учун махсус http://ruxsatnoma.dtm.uz платформаси ишга туширилган, бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги хабар қилади.
Бироқ, мазкур сайтдан фойдаланиш кўникмаси мавжуд эмаслиги, айрим чекка ҳудудларда алоқа сифати етарли даражада бўлмаганлиги абитуриентларда имтиҳон ўтказиладиган кун, вақт ва жой ҳақидаги маълумотларни олишга тўсқинлик қилиши мумкин.
Бу борада Давлат хизматлари марказлари сизга ёрдам беришга ҳамиша тайёр, дейилади хабарда.
Эндиликда ушбу рухсатномани муқобил равишда олиш учун кун-у тун, (ҳаттоки дам олиш кунларида ҳам) ДХМлар орқали тезкор тарзда «Абитуриентлар рухсатномаси»ни олиш имконига эгасиз. Рухсатномани ҳужжат топширган ҳудуд ва олий таълим муассасасидан қатъи назар ўзингизга қулай бўлган ДХМдан олишингиз мумкин.
Ушбу хизмат мутлақо бепул кўрсатилади.
«Абитуриентлар рухсатномаси»ни, шунингдек жойлардаги Қабул комиссиялари орқали олиш ҳам мумкин.