Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 17 июль куни «Бейнеу–Ақжигит–Ўзбекистон чегараси» автомагистралининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиш арафасида Қўнғирот туманида бўлди, деб хабар беради ЎзА.
Бош вазир туман шимолида жойлашган «Қорақалпоғистон» посёлкаси фуқаролар йиғинига ҳам ташриф буюриб, бу ердаги хотин-қизларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Абдулла Арипов посёлкадаги «Устюрт чеварлари» МЧЖда бўлиб, бу ерда ишлаётган хотин-қизлар билан учрашди.
Шу йил июль ойи бошларида иш бошлаган «Устюрт чеварлари» МЧЖ да бугунги кунда 50 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган. Президент ташаббуси билан татбиқ этилган тизим – «Обод қишлоқ» дастури доирасида «Қорақалпоғистон» посёлкаси фуқаролар йиғинидаги бу корхона қайта ишга туширилди. Айни вақтда «Ўзтрансгаз» АЖ Қорақалпоғистонгаз филиалининг туман бўлими билан маҳсулот етказиб бериш юзасидан шартнома имзоланган.
Шунингдек, корхонада шу ҳудудда яшаётган аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб ва ички бозорни ўрганган ҳолда кундалик қўлланиладиган кўрпа-кўрпача чойшаблари, ёстиқжилдлар, кийимлар ҳам тикилмоқда. Келажакда ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириб, яна 30 нафар хотин-қизни, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш режалаштирилган.
Қўшни Қозоғистоннинг Бейнеу туманига тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш ҳам мақсад қилинган.
Изоҳ (0)