Хитой кўп соҳаларда илгарилаб бораётган мамлакатлардан биридир. Хўш, таълим соҳасида-чи? У қай даражада илғор? Хитойда таҳсил олишнинг афзалликлари нимада? Хорижлик талабалар учун қандай имкониятлар бор? Талаба ҳам ўқиб, ҳам ишлаши мумкинми? Бу ҳақида айни пайтда Хитойда докторантурада таҳсил олаётган Нафосат Тожибоева «Дарё»га ҳикоя қилиб берди.

Нафосат Тожибоева 2015 йилда Ўзбекистон маданият ва санъат институтини тамомлаган. Шу йили Ҳуазҳонг Фан ва технология университетининг магистратура босқичига ўқишга кирган. Рус, инглиз ва хитой тилларини билади. 2010 йилда «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони билан тақдирланган. Ҳозирда Шанхай журналистика академиясида докторантурада таҳсил олмоқда.

Фото: Facebook / Нафосат Тожибоева

Бакалаврда ўқиб юрган пайтларимдаёқ, магистратурани чет элда ўқишни мақсад қилганман, 4-босқичдалигимда магистратура учун грантлар қидира бошладим. Мени кўпроқ Европа мамлакатлари қизиқтирган. Айнан Англияда таҳсил олишни истаганман. Бироқ уйимдагилар Англияда таълим гранти йўқлиги сабаб Ўзбекистонда ўқирсан, деган таклифни беришган. Аммо мен рози бўлмай, грантлар қидираверганман. Шунингдек, жуда кўп дўстларим Япония, Корея ва Хитойда ўқишарди. Мен ҳам қизиқиб, шу учта давлатнинг таълим тизими ва энг муҳими, хорижлик талабалар учун ажратиладиган тўлиқ грант дастурларини ўрганиб чиққанман. Сабаби агар сиз олийгоҳда тўлиқ грант асосида таҳсил олсангиз, ўқиш, ейиш-ичиш, ётоқхона, умуман, барча харажатлар давлат томонидан қопланади.  Албатта, бу ўша ерга мослашиб кетишингизга ҳам катта ёрдам беради, яъни талаба фикрини бўлиб ишлашга, контракти учун пул топишга ҳаракат қилмайди.

Фото: Facebook / Нафосат Тожибоева

Бундан ташқари, телевидениеда Хитой ҳақида туркум кўрсатувлар тайёрлаганман. Мамлакатнинг таълим тизими, аҳоли турмуш тарзи, у ерда ўқиётган талабалар ҳаёти билан боғлиқ кўплаб маълумотларга эга бўлганман. Шу боисдан ҳам барча жиҳатларни ҳисобга олиб Хитойни танладим. Учта университетига ҳужжатларимни топширдим. Қувонарлиси, учала олийгоҳда ҳам муваффақиятли тўлиқ грант соҳибасига айландим. Уларнинг ичидан мамлакат топ ўнталигидаги Хитой технология ва фан университетини танлаб, янги медиа менежмент йўналиши бўйича магистратурада ўқишни бошладим.

Фото: Facebook / Нафосат Тожибоева

Хитойликлар чумолидай меҳнаткаш халқ

Барча халқнинг ўзига яраша урф-одати, маданияти бор. Одамларнинг феъл атвори ҳам ижтимоий келиб чиқишига кўра шаклланган. 2015 йилда янги муҳитга кўникиш учун ўқишдан бироз олдинроқ Хитойга келганман. Биринчи Пекинга қўниб, Хитой деворини бориб кўрдим. Сўнгра мамлакатнинг бошқа провинцияларига саёҳат қилгандим. Мамлакатни ўз кўзим билан кўриб, шунга амин бўлдимки, хитойликларнинг яшаш тарзи ва маданияти мен тасаввур қилганимдан тамомила бошқача экан. Масалан, Хитойнинг юқори даражада ривожлангани, одамларнинг кўплиги, худди чумолидай меҳнаткашлиги ва ҳар жиҳатдан инсонларга қулайликлар яратилганлиги мени лол қолдирган. Декабргача муҳитга кўникишим қийин кечган.

Фото: Facebook / Нафосат Тожибоева

Шу пайтгача Туркия, Жанубий Корея, Япония, Англия, Испания, Россия, Малайзия ва бошқа мамлакатларга саёҳат қилганман, дўстлар орттирганман. Кўрганларим, билганларим асосида хулоса қиладиган бўлсам, хитойликлар жуда сирли халқ. Улар билан тил топишиб кетиш қийин, деб ўйлайман. Улар ҳеч кимга ўхшамайди. Ҳиссиётларига эрк бермайди.

Фото: Facebook / Нафосат Тожибоева

Гўёки хитойликларнинг ўз дунёси бор. Мисол учун, ўзингиз бориб сўрамагунингизча, улар келиб ёрдам бермайди. Яъни гапирмагунингизча ҳеч қачон сиз билан мулоқот қилмайди. Албатта, ижобий жиҳатлари ҳам кўп. Уларга бемалол меҳнаткаш, қатъиятли ва ўта сабрли деб таъриф беришим мумкин. Олдига мақсад қўйдими, унга эришмагунича тўхтамайди.

Фото: Facebook / Нафосат Тожибоева

Ҳаётимдаги ҳар бир куним — Дарс

Ҳозир докторантуранинг 2-босқичида таҳсил оламан. Лекин энг ажойиб воқеалар магистратурада ўқиётган пайтларимда бўлган. Сабаби дўстларим билан биргаликда кўп саёҳатларга чиққанмиз. Янги ҳаёт, турлича қарашлар, умуман, ҳаммаси жуда қизиқ бўлган. Ҳар куни нимадир содир бўлади ва шу аснода қарорларингиз ўзгариб бораверади. Ўқиш жараёнида ҳам жуда кўп нарсаларни ўрганганман. Қийинчиликлар, ютуқлар... Хуллас, мусофирчилик менга катта сабоқ берган.

Фото: Facebook / Нафосат Тожибоева

Магистратурада ўқиётган вақтим энг йирик компанияларда ишлаш, тажриба ўташ имкониятига эга бўлганман. Хитойнинг энг катта телеканали CCTV’да 6 ой давомида амалиёт ўтадим. Хитойлик ҳамкасбларим билан Буюк Британиянинг BBC телеканалига борганмиз, тажриба алмашганмиз. Бундан ташқари, турмуш ўртоғим ҳам Хитойда таҳсил олади. Қисқа қилиб айтганда, бахтимни Хитойдан топганман. Ҳаётий ва касбий муваффақиятларим учун Хитойдан жуда миннатдорман!

Фото: Facebook / Нафосат Тожибоева

Мамлакатдаги таълим тизими

Мамлакатда таълим кредит тизимида олиб борилади. Хорижлик талабалар учун икки хил ўқиш тизими бор. Яъни ўқишга киргандан сўнг, бир йил хитой тилини ўрганади ва кейин шу тилида ўқишини давом эттиради. Ёки инглиз тилида ўқийди. Менда ҳам шундай бўлган. Бир йил хитой тилини ўрганиб, кейин магистратурани хитой тилида ўқиш имконияти бор эди. Бироқ бу ерда кўп қолиб кетмаслик, бир йил вақтдан ютиш учун инглиз тилида ўқишни танлаганман. Жуда кўп хорижлик талабалар ҳам худди мендай йўл тутади, фақат 4 йил ёки 2 йил ўзи истаган тилда ўқиб, ватанига қайтади. Ўша пайтлари менда PhD (илмий даража) олиш нияти бўлмаганлиги боис, инглиз тилида ўқишни танлагандим. Докторлик диплом ишимни ҳам инглиз тилида қиляпман. Лекин ҳозир хитой тилида эркин сўзлаша оламан.   

Турмуш ўртоғим эса асли ўзбекистонлик, 10 йилдан бери Хитойда яшаганлиги учун хитой тилини жуда яхши билади. Очиғи, турмуш ўртоғимнинг ишини деб энди бу ерда яшашимизни билиб, эссиз, магистрлик имкониятимдан фойдаланиб, хитой тилини мукаммал ўргансам бўларкан, деб афсусланганман.

Фото: Facebook / Нафосат Тожибоева

Менда ўқиш пайтида деярли қийинчиликлар бўлмаган. Сабаби дарсларга бориб, топшириқларни ҳам ўз вақтида бажарганман. Биринчи босқичдалигимдаёқ, барча фанларни  ўз вақтида топширганман. Иккинчи босқичда эса фақат магистрлик диссертациямни ёзганман. Бу эса менга қулайликлар яратган. Докторантурага кирган пайтим ҳам шундай қилдим. Айни пайтда тадқиқот ишларимни олиб боряпман. Агар талаба ҳамма дарсларга вақтида бориб, қатнашиб, ўқитувчилар берган топшириқларни бажариб борса ўқиш давомида ҳеч қандай муаммога дуч келмайди. Умуман, ҳар бир инсон пунктуал бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Агар ҳаётимиздаги ҳар бир ишни ўз вақтида бажарсак, биз ҳеч қачон қийналмаймиз!

Фото: Facebook / Нафосат Тожибоева

Хитойда таҳсил олиш учун нима қилиш керак?

Хитой ривожланган мамлакат ва имкониятлари ҳам шунга яраша. Бу эса тилни билган ёшлар учун айни муддао. Шу боисдан ҳозир жуда кўп тил марказлари очилган. Бундай ўқув марказлари орқали ҳақиқатдан ҳам ўқиётганлар, лекин шу билан бирга алданиб қолаётганлар ҳам бор деб эшитдим. Шу сабабли ёшлар Хитойга фақат расмий сайтлардан маълумотлар олган ҳолда қонуний кетишларини маслаҳат бераман.

Мамлакатдаги ҳар бир олий ўқув юрти ўз расмий сайтига эга. Бундан ташқари «Chinese Government Scholarship», тўлиқ таълим гранти билан ўқимоқчи бўлса, CSC.com’га кириб, барча керакли маълумотларни олиш мумкин. Сайт инглиз, рус ва хитой тилларида юритилади.

Фото: Facebook / Нафосат Тожибоева

Ўзбекистонда Конфуций мактаблари, Хитой билан тўғридан тўғри ишлаётган марказлар ҳам бор. Уларнинг ёрдамида контракт асосида Хитойда ўқиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Бундан ташқари элчихонадагилар билан ҳам маслаҳатлашиб кўриш керак. Яна бир қўшимча маълумот Facebook’да ҳам «Uzbeks China» каби гуруҳлар бор. Хитойга бормоқчи бўлганлар гуруҳдагилардан ҳам сўраб, йўл-йўриқ олиши мумкин.

Энг аввало, талаба Хитойми, Германиями, умуман, қаерга кетаётганлигини билсин. Қандайдир марказларга ишониб қолмасдан ўзи ҳам сўраб суриштириши лозим. Бораётган мамлакати, ўқишининг яхши ва ёмон томонларини ҳисобга олиб бориши керак. Шуни унутмангки, хорижда ўқиш осон эмас. Айниқса, янги муҳит, менталитет ва бегона одамлар ичида. Ана шу қийинчиликларни олдиндан ҳис қилиб, ўзини тайёрлаб борса, мослашиш жараёни қийин кечмайди, алданиб қолиш каби ҳолатлар ҳам бўлмайди.

Фото: Facebook / Нафосат Тожибоева

Ҳам ўқиб, ҳам ишлаш мумкинми?

Менинг Япония, Корея ва Европа мамлакатларида кўплаб дўстларим бор. Улар контракт асосида таҳсил олгани сабабли ҳам ўқиб, ҳам ишлайди. Кўп давлатлар талабаларга ишлаш ҳуқуқини беради. Фақат Хитой бундан мустасно, хорижлик талабалар ишлаши мумкин эмас. Яъни қонунда бунга рухсат йўқ. Шу боисдан ҳам талабаларга тўлиқ грантда ўқишларини тавсия қилардим. Сабаби грантдан бериладиган пул талабанинг ўқиши ва яшаши учун етади. Агар жуда зарур бўлса, 3-босқични битиргандан сўнг, компанияларда амалиёт ўтаб, шундан оз-моз  бўлса ҳам пул топиши мумкин.

Фото: Facebook / Нафосат Тожибоева

Ўзим ҳам ўқиш жараёнида ишламаганман. Фақат ўқиш билан банд эдим. Чунки грантдан оладиган стипендиям харажатларимга етган. Лекин ота-онам ҳам бегона жойларда қийналмасин, деб моддий жиҳатдан қўллаб турганлар. Шу сабабли ўзимда ишлашга иштиёқ бўлмаган. Фақат CCTV ва бошқа давлат компанияларида амалиёт ўтаган пайтим, ижодий ишларим учун гонорар олганман. Компания бошқа давлатларга кўрсатув тайёрлаш учун борганимизда барча харажатларимни қоплаган. Бундан ташқари Хитойдаги «Массмедиа ва фильмлар ишлаш» ва «Бир макон — бир йўл» лойиҳаси доирасида мақолалар ёзиб, эксперт сифатида қатнашганман. Бунинг учун улардан ҳам ҳақ олганман. Мана шу пуллар менга қўшимча ёрдам бўлган.

Фото: Facebook / Нафосат Тожибоева

Мен хитойликларнинг бир жиҳатини жуда ҳурмат қиламан. Яъни улар меҳнатларингизни қадрлаб, беҳақ қолдирмайди. Ҳар доим қимматбаҳо совғалар ёки моддий тарафдан қўллаб-қувватлайди.

Шанхай университети ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан «Бир макон — бир йўл» доирасида бир йил давомида элчи сифатида фаолият юритдим. Жамоа билан биргаликда кўп лойиҳаларни амалга оширдик. Оила қурганим сабабли, афсуски, элчиликни топширишимга тўғри келди. Ҳозир фақат PhD тадқиқотлари ва оилавий юмушлар, қўшимчасига Ўзбекистондаги пиар билан боғлиқ ишлар билан шуғулланяпман. Доимий ишга киришга эса айни пайтда хоҳишим йўқ.

Фото: Facebook / Нафосат Тожибоева

Талабаларга маслаҳатлар!

Хитойга келган бакалаврларга 3 йил, магистрларга эса 1,5 йил қаттиқ ўқишларини маслаҳат бераман. Чунки талаба ўқишда муаммо бўлмаслиги учун вақтини тўғри тақсимлай олиши керак.

Хитойда ўқимоқчи бўлганларга энг катта тавсиям агентлик ёки элчихона орқали кетасизми, грант ёки ўз ҳисобингизданми аҳамияти йўқ. Аввало, бораётган жойингизни яхшилаб суриштириб, имкониятлари билан танишиб, ётоқхонаси, одамлари, қонун-қоидалари, хуллас, ҳамма-ҳаммаси ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлинг. Бўлмаса юқорида айтганимдек, бошқа маданиятлар ичида довдираб қолишингиз ёки боргандан кейин афсусланишланишингиз турган гап! Хитой бизга яқин давлат эмас. Тили, дини, одамларининг феъл-атвори, турмуш тарзи умуман ўхшамайди. Қисқа қилиб айтганда, талаба барчасига руҳан тайёр бўлиши керак. Чунки мусофирчиликда яшаш осон бўлмайди.

Фото: Facebook / Нафосат Тожибоева

Режаларим ҳақида

Ҳозирги пайтда ўйлаб қўйган режаларим жуда кўп. Ўзбекистон имиджини халқаро миқёсга олиб чиқиш учун изланишлар олиб боряпман. Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари ҳақида маълумотлар йиғяпман. Айни пайтдаги мақсадим PhD даражасини олишдан иборат. Медиа ва халқаро алоқалар соҳасида Ўзбекистон ва Хитой муносабатларини янада яхшилаш ва юртимизни дунёга ОАВ орқали таништиришда ўз ҳиссамни қўшишни хоҳлайман.

Фото: Facebook / Нафосат Тожибоева

Суҳбатдош: Хонзодабегим Аъзамова