Қайд этилишича, ҳисобот даврида биринчи инстансия судлари томонидан 605 та иш ва ариза кўриб тамомланган, яна 30 та иш материал тартибида кўрилган. Кўриб чиқилган ишларнинг 139 таси қаноатлантирилган, 351 таси рад этилган, 64 таси иш юритувидан тугатилган, 51 таси эса кўрмасдан қолдирилган.
Маълум қилинишича, кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,7 фоизга камайган. Шу билан бирга, пойтахт маъмурий судлари томонидан жами 76 та хусусий ажрим чиқарилган бўлиб, улардан 5 таси асосида мансабдор шахсларга интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Акрам Юсуповнинг таъкидлашича, маъмурий судларда энг кўп давлат солиқ органлари, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, маҳаллий ҳокимликлар, Мажбурий ижро бюроси, Қурилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари устидан берилган шикоятлар кўрилган.
Хусусан, давлат солиқ органларига нисбатан 125 та иш кўрилиб, уларнинг 23 таси қаноатлантирилган, 79 таси рад этилган. Натижада 15 та солиқ органи қарори ҳақиқий эмас деб топилган.
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаларига нисбатан берилган аризалар бўйича 55 та иш кўрилган. Уларнинг 23 таси қаноатлантирилган, 19 таси эса рад этилган.
Мажбурий ижро бюроси билан боғлиқ 118 та иш кўрилган бўлиб, шундан 20 таси қаноатлантирилган, 71 таси рад этилган. Суд томонидан қўлланган 17 та таъсир чораси айнан Мажбурий ижро бюроси мансабдор шахсларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига тўғри келган.
Ҳисобот даврида Тошкент шаҳар маъмурий судининг апелляция ва кассация инстансияларида жами 257 та иш кўрилган. Уларнинг 206 тасида суд ҳужжати ўзгаришсиз қолдирилган, 43 тасида бекор қилинган, 6 та иш юритувидан тугатилган, 2 таси эса кўрмасдан қолдирилган.
Суднинг тафтиш инстансиясида кўрилган 104 та ишнинг 91 тасида суд ҳужжати ўзгаришсиз қолдирилган, 12 тасида бекор қилинган, 1 таси эса кўрмасдан қолдирилган.
2026 йилнинг биринчи чорагида жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек Президент виртуал қабулхонаси, Бош прокуратура, Халқ қабулхонаси ва бошқа идоралар орқали Тошкент шаҳар маъмурий судига жами 175 та мурожаат келиб тушган. Суд маълумотига кўра, барча мурожаатларга ёзма равишда жавоб берилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар суди раиси, туманлараро суд раислари ва судьялар томонидан фуқароларнинг 35 та мурожаати қабул қилиниб, уларга қонуний ҳуқуқлари тушунтирилган.