Хуршида Убайдуллаева XII Корея Халқаро ихтирочи аёллар кўргазмаси – KIWIE 2019да олтин медаль билан тақдирланди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон делегацияси аъзоларидан ЎзР ФА Геномика ва биоинформатика маркази катта илмий ходими, кимё фанлари номзоди Хуршида Убайдуллаева марказ олимлари билан ҳамкорликда ген-нокаут технологияси асосида яратилган тезпишар, юқори ҳосилдорликка эга, узун ва сифатли толали, қурғоқчиликка чидамли «Порлоқ 1», «Порлоқ-2» навларига олинган патенти билан қатнашди ва ушбу илмий ишланма юзасидан тақдимот берди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Бу эса халқаро экспертлар томонидан ўрганилди ва Корея Ихтирочи аёллари Ассоциацияси Президенти Мюнг-Хе Ён томонидан муносиб баҳоланиб, олтин медаль билан тақдирланди.

Яратилган ғўза навлари Порлоқ-1, Порлоқ-2, Порлоқ-3 ва Порлоқ-4 бир қанча устунликларга эга бўлиши билан бир вақтда, унинг чигитидан ажратиб олинган ёғ инсон ҳаётига мутлақо зарарсиз эканлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария, гигиена ва касалликлар профилактикаси институти илмий ходимлари томонидан текширилиб, тасдиқланди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Бу эса озиқ–овқат саноатида янги сифатли ёғ маҳсулоти пайдо бўлишига олиб келди.