Бухоро вилояти ИИБ Жазони ижро этиш бошқармасига қарашли 1-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган ёшлар билан тил бириктириб, қочишга уринган ўта хавфли рецидивист-маҳкумга яна ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман суди раиси Улуғбек Бозоров маълум қилди.

Фото: «РИА Новости»

2008 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) 4-қисми, «в» банди, 169-моддаси (Ўғрилик) 3-қисми, «а» банди, 4-қисми «в» банди ва бошқа қатор моддалар билан айбланиб, 59-модда 8-қисми қўлланилиб, жами 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси бўйича судланган фарғоналик Отабек Саидов қамоқхонада ҳам жиноят содир этди.

2018 йил 21 ноябрь куни Отабек Саидов жазони ижро этиш колониясида муддатини ўтаётган 1990 йилда туғилган Рўзиматжон Дадабоев, 1992 йилда туғилган Отабек Жўмартов, ва 1997 йилда туғилган Азизбек Маҳкамовни фикрини бузиб, уларни алдов йўли билан озодликка чиқишга ундаб, мазкур муассаса ҳудудидан қочиб кетишни режалаштирган. Ўз режаларига кўра, муассаса атрофини ўраб турган девор яқинида жойлашган маҳкумлар учун мўлжалланган ҳожатхона остидан лаҳим қазиш орқали муассаса ташқарисига чиқиб қочишни мўлжаллашган.

Отабек Жўмартов, Рўзиматжон Дадабоев ва Азизбек Маҳкамовлар ҳожатхона ички қисмидаги охирги ўриндиқ жойининг бетон қисмини синдириш орқали ертўлага тушиш учун махсус жой тайёрлаган. Maxсус лаҳим қазиш учун керак бўладиган белкурак, болға, челак, темир бўлаклари сингари анжомларни ҳожатхонага олиб келиб қўйган.

2018 йил декабрь ойидан бошлаб, аста-секинлик билан ҳожатхона ён девори бетон қисмини синдириш орқали махсус тешик ҳосил қилган. Ундан ҳожатхона остки йўлига тушиб, 1,0х1,30 метр ҳажм катталикдаги қисмини синдириб, белкурак ёрдамида яна лаҳим қазишда давом этган. Кейинчалик куннинг маълум бир қисмида муассаса қўриқчиларига сездирмасдан жиноий гуруҳ аъзолари навбат билан лаҳим қазиб боришга ўзаро келишиб олган. Бироқ жиноий ҳаракатларини ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олишмаган. 2019 йил 1 январь куни соат тахминан 15:00 ларда жиноий гуруҳ аъзолари муассаса ходимлари томонидан жиноят устида қўлга олинган.

7 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман суди томонидан маҳкумлар томонидан содир этилган жиноятга яна ҳукм ўқилган. Ҳукмга кўра, Отабек Саидовга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25-, 222-моддаси (Қамоқдан ёки қўриқлов остидаги сақлаш жойидан қочиш) 2-қисми «в» банди билан айбли, деб топилган. Ўта хавфли рецидивистга ЖКнинг 34-, 60-моддасига асосан 16 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган.

Рўзиматжон Дадабоев ҳамда Азизбек Маҳкамов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25-, 222-моддаси 2-қисми «в» банди билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 60-моддасига асосан, ҳар бири 8 йил 2 ой муддатга, Отабек Жўмартовга эса 12 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.