«2019 йилги Андижон воқеалари» — Хуршида Тиллаеванинг «Озодлик»га йўллаган видеомурожаати билан бошланиб, аслида илдизи жуда чуқур бўлган ҳодиса. Жабрланувчи эса биргина Хуршида Тиллаеванинг ўзи эмас. У билан бирга «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси»да ишлаган бошқа аёллар ҳам. Улардан икки нафарининг «охиригача курашиш»га қарор қилгани вазиятни бутунлай ўзгартириб юборди — расмийлар Хуршида Тиллаеванинг ўзини айбдорга, ношукрга чиқармоқчи бўлганида, аслида Президент номини қўшиб берилган ваъдалар бошқача бўлгани, қонунчилик бир эмас, бир неча бор бузилгани ойдинлашди.

Ўзини алданган ҳис қилаётган Шоҳиста Бакирова ва Муяссар Раҳимова уларга қандай ваъдалар берилгани, коттежли бўлиш йўлида улар қандай меҳнат қилгани (ва улардан аслида қандай меҳнат қилиш талаб қилингани), кўзбўямачиликлар билан боғлиқ шов-шувлар бошлангач эса бевосита ва билвосита таҳдидлар қилингани ҳақида «Дарё»га сўзлаб берди.

Кўп қаватли уйдаги квартирага айланиб қолган коттеж

Ўнлаб аёллар қатори Шоҳиста Бакирова ва Муяссар Раҳимова 2018 йилнинг октябрь ойида Андижон вилояти Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан очилган «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси»га қабул қилинади. Уларнинг ҳар иккиси ижтимоий муҳофазага муҳтож аёлларга имтиёзли кредит асосида берилаётган коттежнинг бошланғич тўлови учун маблағ ишлаш ниятида ишга кирган.

«2018 йил сентябрида маҳалламизда Президент маслаҳатчиси Турсинхон Худойбергенов йиғилиш ўтказди. Йиғилишда уйга муҳтож, ишсиз аёллар учун олти ойлик ишлаган пули бошланғич тўловга ўтиши шарти билан тикувчилик цехи очилиши айтилди. Шундан сўнг, 2018 йил октябрида вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова ҳаммамиз коттеж олишимизни айтиб, цехга ишга қабул қилди», — дейди Муяссар Раҳимова.

«Хидирша» массивидаги коттежлар. Фото: Президент матбуот хизмати

Шоҳиста Бакированиннг айтишича, 2018 йил декабрида Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Равшаной Тўхтасинова тикув цехига келиб, ишчиларга коттеж эмас, кўп қақатли уйдан квартира берилиши айтган. «Равшаной Тўхтасинова уч ойлик маошимиз қанча бўлганини ҳисоблаб, ҳаммага кўп қаватли уйдан хонадонлар берилишини айтди. Кўпчилик норози бўлди, Равшаной опа шундай деди: ‘Ҳоҳласанглар олинглар, истамаганлар кетаверсин’», — дейди Шоҳиста Бакирова.

Шундан кейин коттеж оламиз деб ишлаётган 63 нафар аёлдан 40 нафаригина ишда қолган — дастлаб «коттеж берилади» деб, кейин «кўп қаватли уйдан квартира берамиз» деб алдашгани учун аччиқланган аёллар ишдан бўшаб кетган. Ишда қолган 40 аёлдан 8 нафарига коттеж берилиши айтилган.

«Цехнинг кадрлар бўйича мутахассиси Мавлуда Нишоновага менга квартира керакмаслигини, учта болам билан 20 йил кредит тўлаб юришга кучим етмаслиги айтдим. Устига-устак, эрим билан 2018 йил ноябрь ойида узил-кесил ажрашганимни маълум қилдим. Иш давомида эпилепсия касалим хуруж қилиб, бир неча бор тез ёрдам чақиришга мажбур бўлдим. Шу касалим оғирлашиб бораётганини ҳам билдирдим. Шу гаплардан кейин Мавлуда опа менга ҳеч кимга айтмаслик шарти билан қасам ичдириб, кредитсиз, Президент совғаси сифатида коттеж берилишини айтди», — дейди Муяссар Раҳимова.

Онасининг юрагида ўсмаси борлиги, ўзи тўрт марта операция бўлганини ва кредит тўлашга қурби етмаслиги билдириб, кўп қаватли уйни рад этган Шоҳиста Бакирова билан ҳам Муяссар Раҳимованикидек имконият берилиши айтилади — яъни унга ҳам сир сақлаш шарти билан коттеж ажратилиши ваъда қилинган.

Қарзга олинган адрас кўйлак ва «фақат раҳмат!»

Президент Шавкат Мирзиёев Андижонга ташрифи арафасида цехнинг «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси»нинг саккиз нафар ишчисига коттеж берилиши ҳақида «Ўзбекистон24» телеканалида лавҳа берилган. Бу ҳақда Шоҳиса Бакирова шундай дейди: «27 март куни Манзура Юнусова (Андижон вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси) бизни коттежга олиб бориб, кимга қайси коттеж берилишини кўрсатди ва раҳмат айтиб, ‘Ўзбекистон24’га интервью беришимиз кераклигини айтди. Мухбир ҳаммамиздан интервью олди, фақат бир-икки кишиники кўрсатилди».

Муяссар Раҳимова.
Кадр: «Ўзбекистон 24»

Муяссар Раҳимованинг айтишича, Президент келган 17 май куни вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси тикувчи аёлларга адрас кўйлак кийиб келишни тайинлагани учун, у қарз олишга мажбур бўлган: «Манзура опа Президент келишига адрас кўйлак кийиб, болаларни ҳам чиройли кийинтириб боришимиз кераклигини айтди. Кўйлакка пулим йўқлиги учун цехнинг кадрлар бўлими мутахассисидан пул сўрасам, маблағ беролмаслигини, қарз олиб туришимни, меҳмон (Президент Шавкат Мирзиёев —таҳр.) кетгач, пул берилишини айтди. 17 май куни адрас кўйлакда коттежга бордик. Манзура опа йиғилиш қилиб, уйли бўлганимизни, қийинчиликлар ортда қолгани ва бу учун Президентга фақат раҳмат айтиб туришимиз кераклигини уқтирди».

«Уйга муносиб бўлиш учун керак бўлса ётиб қолиб, керак бўлса болаларинг билан ишлашларинг керак!»

Маълум бўлишича, «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси» ҳамда Шоҳиста Бакирова ва Муяссар Раҳимова ўртасида ҳеч қандай шартнома имзоланмаган. Меҳнатга қай тартибда ҳақ тўланиши, уй учун қайси битимга кўра пул ўтказилаётгани айтилмаган.

«Цехнинг ҳисоби бўйича, 8 ойда 2 800 000 сўмлик иш қилибман — қайта ҳисоб-китобда бу пул 2,5 миллион сўм бўлиб қолди. Қизиғи, биз баъзан 15—16 соатлаб, шанба ва якшанба кунлари ҳам ишлаганмиз. Ўзим тикувчи бўлсам, шунча кам пул ишлаганимга ишонмадим. Манзура опа ҳар келганида керак бўлса ётиб қолиб, болаларимиз билан ишлашимиз, уйга муносиб бўлиб, унинг қадрига етадиган даражада меҳнат қилишимиз кераклигини айтарди. Шунинг учун, ҳатто чанг-тўзонга қарамай, эмизикли болалари билан келиб ишлаган аёллар ҳам бўлди. 2018 йил октябридан 5 декабргача пахта теримида ҳам қатнашдик. Озроқ ёрдам пули олмаганимизни айтмаса, 8 ой маошсиз ишладик. Биз коттежлик бўламиз деб ҳаммасига чидаб келаётгандик», — дейди Муяссар Раҳимова.

«Цехда қоп, пастел, бушлат, ишчи кийимлар ва ҳарбий формалар тикдик. Лекин бизга қанчадан пул тўлашаётганини билганимиз йўқ. Сўрасак айтишмайди. Фақат 2018 йил декабрида ишлаган пулимиз ҳақида айтишди. Ундан кейин бу ҳақда гап бўлмади. Қизимнинг оёғида ревматизми бўлса ҳам, мен билан бирга кечаси-ю кундузи ишлади. Икки киши бўлиб, 8 ойлик меҳнатимиз 3 миллион сўм бўлибди. Бу умуман ишимизга тўғри келмайди. Биз, ҳамма аёллар: ‘Коттежли бўларканмиз’ деб, қийинчиликларга чидаб ишладик», — дейди Шоҳиста Бакирова.

Муяссар Раҳимова.
Фото: «Дарё»

«Қишлоқ қурилиш банк»нинг Хўжаобод филиали 2019 йилнинг 15 февраль куни Шоҳиста Бакирова ва Муяссар Раҳимова билан қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуришга буюртмачи функциясини амалга ошириш тўғрисида дастлабки шартнома имзоланган. Шартнома қурилиши давом этаётган тўрт қаватли уйдан Шоҳиста Бакировага икки хонали, Муяссар Раҳимовага эса уч хонали квартира учун тузилган.

«Шартномага номига қўл қўйиб беринглар, бу расмиятчилик холос, дегани учунгина имзо чекканмиз. Чунки бизга коттеж берилишини такрор-такрор айтишганди. Март ойида коттежларни кўрсатиб, кимга қайси бири берилишини ҳам айтишганди», — деди Муяссар Раҳимова. Шоҳиста Бакирова ҳам унинг фикрларини қўллаб-қувватлади: «Мен ҳам бу номига тузилган шартнома деб ўйлагандим. Мана шу тўполонлардан кейин июнь ойи бошида цех раҳбари менга телефон қилиб, битта ариза ёзиб берсангиз, икки хонали квартирангизни уч хоналисига алмаштириб берилиши мумкин, деди. Қандай қилиб бундай қилиш мумкин, бунисига ҳам ишонгим келмаяпти».

Шартнома тузилганидан икки кун ўтиб, цехнинг барча ишчилари банкка бориб, ҳисобрақам очтирган. Лекин коттеж ваъда қилинган 8 ходимнинг телефон рақамига ҳисоб очилгани ҳақида SMS-хабарнома келмаган.

Уй учун тузилган шартномада у харидор томонидан имзолангач, 5 (беш) иш куни давомида уй-жой қуришга дастлабки бадални шакллантириш учун банкда очилган алоҳида очилган ҳисобрақамига уй-жой миқдорининг 10 фоизи қўйилиши лозимлиги, йўқса шартнома ўз кучини йўқотиши белгилаб қўйилган. Аёлларнинг айтишича, уларнинг ҳисобрақамига 22 май куни (Президент Андижон вилоятида бўлиб қайтганидан сўнг) пул ўтказилган.

«Ҳокимга қарши чиқишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!»

Президент Андижонга келиб кетгач, Шоҳиста Бакирова ва Муяссар Раҳимовага коттеж берилмаслиги айтилган. Бундан аччиқланган Муяссар Раҳимова бу «ўйин» бўйича юқори идораларга мурожаат қилишини айтган.

«Цехнинг кадрлар бўйича мутахассиси Мавлуда опа ‘Бу вилоят ҳокимини буйруғи’, деб айтди. Энди учта болам билан кўчада қоламанми, юқорига шикоят қиламан деганимда, ‘Қўлингдан ҳеч нарса келмайди, ҳокимга қарши чиқишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ’, деди. 19 май куни Мавлуда опа уйига чақириб, бу сиёсат эканлигини, сиёсатга аралашмаслигимни айтди. Мавлуда опа: ‘Бир пайтлар давлат билан олишиб, учта боламнинг ўлигини сувдан олганман’, деб менга таҳдид қилди. Кейин эса: ‘Ўзи бир уйсиз, кўчадаги одам бўлсанг, кўп қаватли уйга кўниб қўявер’, дегандек қилди. Бу гапдан қўрқиб кетиб, 22 май куни Тошкентга, Президент қабулхонасига бордик», — дейди Муяссар Раҳимова.

Манзура Юнусова — Андижон вилояти Хотин-қизлар қўмитаси раиси.
Кадр: «Ўзбекистон 24»

Шоҳиста Бакирова ва Муяссар Раҳимовага Тошкентда Президент қабулхонасида бўлган. Қабулхона ходимлари шикоятимизни эшитиб, бундай бўлиши мумкин эмаслигини, вилоят ҳокимига учрашишимиз кераклигини айтди.

«Андижонга қайтиб, ҳокимнинг қабулига киролмадик — у ердагилар вилоят Хотин-қизлар қўмитасига боришимиз кераклигини айтди. Қўмита раиси Манзура опа эса фақат кўп қаватли уйдан квартира бера олишларини айтди. Кейин ҳокимнинг қабулига уч болам билан бордим, киргизишмади. Ҳоким 8 соат деганда ташқарига чиқди. Ҳоким нега қабул куни келмаганимни сўради, қабулига қўйишмаганликларини айтдим. ‘Мени эшитадиган борми ўзи?’ деб дод-вой қилганимда, ҳоким: ‘Мен ҳам одамман. Сени эшитмайман’, деб жавоб берди. Кеийн Андижон шаҳар ҳокимини чақиришди, у ҳам: ‘Сизга кўп қаватли уй ажратилган экан’, деб жавоб берди. Унга бўлиб ўтган воқеаларни айтсам, «Нега ношукурлик қиласан?! Давлат сенга уй бериш мажбуриятини олмаган, уйни болаларингни туғдирган отасидан сўра’, деб ҳақорат қилди», — дейди Муяссар Раҳимова

Шоҳиста Бакирова «Озодлик»га мурожаат қилган ҳамкасби Хуршида Тиллаева билан суҳбатлашганида, у ҳокимликнинг одамлари уларни уч кун уй қамоғига солиб қўйгани, қўрқиб кетишгани ва ғалвалардан қутулиш учун кўп қаватдан бериладиган квартирага рози бўлганини айтган. Бўлган воқеалар ва тазйиқдан қўрқиб кетган аёллар 31 май куни яна Тошкентга, Президент қабулхонасига келган.

«Қабулхонадагилар: ‘Кирадиган эшикни қаттиқ ёпиб бўлмайди, вилоятда яшайсизлар, барибир ҳокимга учраш керак эди’ деб, вилоят ҳокимига учрашишимиз кераклигини такрорлади. У ердан чиқиб Вазирлар Маҳкамасига бордик. У ерда бизни қабул қилган ходим ҳам ҳайрон бўлиб, Манзура опага телефон қилди ва масалага ойдинлик киритишни сўради», — дейди Муяссар Раҳимова.

Шоҳиста Бакирова.
Фото: «Дарё»

«Шу куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбоеванинг ҳам қабулига кирдик. Бизни яхши кутиб олди. ‘Андижонда шундай ишлар бўляптими, балки тушунмовчилик бўлгандир. Мен ҳоким ва Манзура Юнусова билан гаплашиб кўраман. Нима бўлганда ҳам хунук иш бўлибди. Президентимизга етиб борса, қаттиқ хафа бўладилар’, деб бизни кузатиб қўйди», — деди Шоҳиста Бакирова.

Хулоса ўрнида

Шоҳиста Бакирова Андижон шаҳридаги «Мустақиллик» маҳалласида истиқомат қилади. Икки маротаба турмуши бўлмаган, икки нафар қизи билан 20 йилдан бери ижара уйларда сарсон-саргардон ҳаёт кечирмоқда. Бакированинг айтишича, ҳозир ижарада турган тор уйида иккинчи гуруҳ ногирони бўлган онаси, икки қизи, синглиси ва унинг фарзандлари билан жами етти жон яшашга мажбур.

«Иложсизликдан фарзандларимни боқиш ниятида Россия давлатига бир неча бор бориб ишлаб келдим. Тирикчилик кўйида ўзимни соғлиғимга ҳам эътибор бермабман. Тўрт маротаба жарроҳлик столига ётиб, оғир дардларни бошимдан ўтказдим. Сал ўзимга келиб, Ўзбекистонга қайтганимдан кейин, ошхоналарда фаррошлик, салат тайёрловчи бўлиб ишладим», — дейди у.

Муяссар Раҳимова ҳам «Мустақиллик» маҳалласида истиқомат қилади. Турмушидан ажрашган, вояга етмаган уч фарзанди бор.

«Турмуш ўртоғим билан Россияга бориб ишлаб, уй солдик. Кейинроқ турмушим бўлмади. Шаърий никоҳда бўлганим учун, уйга эгалик қилишга ҳақим йўқ экан. Ҳозир ўша уйда чиқиб кетиш шарти билан уч фарзандим билан ноилож яшаяпман. Бир фарзандим оққон касаллигини бошланғич даврини бошидан ўтказган, бошқасининг суяк касали бор, бириси эса туғма эпилепсиядан азият чекади. Ўзим ҳам бир марта жиддий операцияни бошдан ўтказганман», — деди Муяссар Раҳимова.

Шоҳиста Бакирова ва Муяссар Раҳимова.
Фото: «Дарё»

Шоҳиста Бакирова ва Муяссар Раҳимова «Дарё» мухбирига 8 июнь куни Тошкентда интервью берди. Улар орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, шунча гап-сўз кўтарилган бўлса-да, ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини афсус билан таъкидлади.

Муаллиф:Мусулмонбек Иброҳимов