8 июндан 9 июнга ўтар кечаси соат 02:10 ларда Марғилон шаҳар, Пичоқчи МФЙ, Хиёбон кўчаси, 174А-уйда жойлашган «Марғилон умумий улгуржи савдо» МЧЖга қарашли улгуржи ва чакана товарлар сотишга ихтисослаштирилган 3-сонли савдо павильонида ёнғин содир бўлган.

Бош прокуратура матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилишича, павильонда тунги навбатчиликда қолган Ш.I. соат 02:00 ларда 3-сонли савдо павильони том қисмидаги электр симида қисқа туташув бўлиб, кучли чақнаш юз берганлигини ва натижада ёнғин келиб чиққанлигини кўриб, бинони электр тармоғидан узиб, бу ҳақда дарҳол Марғилон шаҳар ёнғин қутқарув қисмига хабар берган.

Соат 02:10 да ёнғин қутқарув ходимлари ҳодиса жойига етиб борган ва соат 04:20 да ёнғин бўлган ҳудуд қуршаб олинган. Ёнғин соат 05:40 да бартараф этилган. Ҳалок бўлганлар ва тан жароҳати олганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаблари ва тадбиркорларга етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.

Ёнғин оқибатида бозорнинг 1575 кв. метр майдонида томи ва ички қисми ва унда сақланаётган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ёниб зарарланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.