Ижтимоий тармоқларда навбатдаги кўнгилсиз ҳолат видеоси тарқалди. Унда бир гуруҳ шахслар ёввойи айиқни тутиб олиб, уни ўласи қилиб дўппослаганидан кейинги ҳолат тасвирланган.
Жумладан, «Kun.uz»да эълон қилинган видеотасвирда бир йигитнинг одамлар орасида айиқни кўрсатаётгани, жониворнинг эса бош қисмидан қон оқиб, чалажон ҳолатдалигини кўриш мумкин.
Журналист Наргис Қосимованинг Facebook’да хабар беришича, ҳодиса Қашқадарё вилоятида юз берган. Пост муаллифи бу шахсларни жавобгарликка тортишни талаб қилган.
«Қашқадарё вилоят экология қўмитаси зудлик билан инсон деб аташга тилим бормаётган бу шахсларни жазога тортиши керак. Мана, бизнинг табиатга, жониворларга муносабат. Қўнғир айиқ Халқаро қизил китобга киритилган! Бу шахсларни жазога тортиб, натижасини эълон қилиш керак. Бошқаларга ибрат бўлиши учун. Жавобгарликка тортишни талаб қиламан. Бу воқеа Қашқадарёда юз беряпти», — деб ёзган журналист.
Изоҳ (0)