28 май куни «Озодлик» радиосида андижонлик 35 ёшли Хуршида Тиллаеванинг видео мурожаати эълон қилинди. Икки нафар фарзанди бор аёлнинг таъкидлашича, унга 16 май куни Ўзбекистон Президенти Андижонга ташриф буюрганида «Ўзбекистон 24» телеканали мухбирига хурсандлигидан янги уйга кўчиб ўтганлигини айтиш мутасаддилар томонидан тайинланган. У эса қувонганидан интервью берган ва бу эфирга узатилган. Аммо Президент вилоятдан пойтахтга қайтиши билан аёлдан уй олиб қўйилган. Шунингдек, давлат раҳбарига «уй берилган» дея кўрсатилган 6 аёлдан ҳам уй қайтариб олингани иддао қилинган. Аёлнинг мазкур мурожаати ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида кенг баҳс-мунозараларни юзага келтирди ва бу ҳануз давом этяпти. «Дарё» мухбири ушбу ҳолат юзасидан журналистик суриштирув ўтказиш мақсадида Андижон шаҳридаги «Мустақиллик» МФЙда бўлди.
Хуршида Тиллаева билан суҳбатлашиб, вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида унинг бузилишга тушган яшаш хонадонига борганимизда уйда 23 ёшли ногирон укаси ёлғиз экан. Қўшнилари орқали онаси Ҳалима аянинг қўл телефонига алоқага чиқдик. У қизи ва «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси» МЧЖ раҳбари ҳамроҳлигида Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусованинг олдига, шаҳарнинг Боғишамол даҳасида янги қурилган уйлар томон кетаётганини, ярим соатлар ичида ортларига қайтиб, биз билан бафуржа суҳбатлашишини айтди. Вақтдан самарали фойдаланиш ниятида Хуршида Тиллаевадан ташқари яна 6 нафар аёлдан ҳам уй қайтариб олингани ҳақидаги хабарлар қанчалик ростлигига аниқлик киритишга тушдик. Муқим бошпанаси йўқлигидан қийналиб, ижарама-ижара сарсонликда ҳаёт кечираётган ўша 6 нафар аёлнинг 4 нафари билан мулоқотда бўлдик. Бу аёллар ўзлари кўриб, гувоҳига айланган барча ҳолатларни кўзда ёш ила очиқ-ойдин ҳикоя қилиб берди.
«Адрас кўйлак кийиб, актрисалик қилдик»
«Мустақиллик тикувчилик мажмуаси»да ишловчи 30 ёшли Муяссар Раҳимова турмушидан ажрагач, уч нафар фарзанди билан ота уйига қайтиб келган. 4 ой аввал вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси унга ва уй-жойга муҳтож яна бир неча киши, жумладан Хуршида Тиллаевага ҳам Президент совғаси сифатида намунали уйлардан берилишини маълум қилган. Апрель ойида у янги уйлар олдида «Ўзбекистон 24» телеканали учун ҳам интервью берган. Муяссар Раҳимовага Президент келадиган куни ўзи ва болалари чиройли кийиниб келишини тайинлашган, аммо Президент кетганидан сўнг аёлга намунали уйлардан бири берилмаслигини маълум қилишган.— Бундан тўрт ой аввал Манзура Пазлиддиновна (вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси – таҳр.) 10 нафар ҳақиқий уйга муҳтожларни ўша намунали уйларга олиб борди. Улар ичида мендан ташқари Хуршида, Дилфуза Ҳожиматова, Шоҳиста Бакирова, Зулфия опа, Хайринисо хола, Камолиддин акалар ҳам бор эди. Ўшанда Манзура опа «Президентимиз совғаси бу сизларга. Биз фақат буйруқни бажаряпмиз. Уйлар сотилмайди, кўнгилни тўқ қилинглар. Барча қийинчиликлар ҳали ортда қолиб кетади. Подшоҳни назари тушиб, уйли бўляпсизлар», деди. Биз эса уйдан умид қилиб, ишчи кийимлар ва постеллар ишлаб чиқарадиган «Мустақиллик» тикувчилик цехида дам олиш кунлари ҳам кўп пул топиш мақсадида астойдил ишлашда давом этдик. Бу ерга октябрь ойида ишга кирганман. Ўшанда аёллар касаллиги бўйича операцияни бошдан кечирганимга бир ҳафта бўлганди. Маошим ўзимни ҳисобим бўйича ўртача бир миллион сўм бўлиши керак эди. Аммо компьютерга бунинг ярми тушарди. Икки марта болам касал бўлганда иложсиз 200 мингдан 400 минг сўм ва бир марта мукофот сифатида 100 минг сўмни амаллаб олдим холос. Қолган пулларимиз эса уй учун ўтарди. Мутассадилар қистови ва хурсандлигимдан апрель ойида «Ўзбекистон 24» канали учун интервью ҳам берганман. Мухбирлар цехда иш қилаётганимни ва биз учун ажратилган уй олдида мамнуният билан гапирганимни съёмка қилишганди.
Президент вилоятимизга келган куни эрталаб соат 08:00 лар атрофида ўша уйларда йиғилдик. Манзура опа «Ортиқча гап-сўз қилмайсизлар, раҳмат, айтинглар холос. Уйлар албатта, берилади сизларга, фақат кўчаётганларингизда ўрни алмашиши мумкин. Кайфиятни бузманглар», дея қаттиқ тайинлади. Ўзим адрас кўйлак-лозим, фарзандларим ҳам чиройли кийиниши кераклигини айтишди. Уйда бир сўм ҳам маблағим йўқлиги боис бир танишимдан 500 минг сўм қарз олиб, болаларим билан кийиниб, ясандик. Ўша куни ўзини Президент қўриқчиси дея таништирган бир ака менга берилган уйга кириб, «Сизларга бу уйлар жиҳозлари билан берилиши ҳақида топшириқ бўлган. Қуллуқ бўлсин!», деб табриклади. Мен, Хуршидахон ва Шоҳистахон учун янги уйларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилаётганлигини Манзура опа Танзила Норбоевага айтаётганини эшитгач, кўнглимиз янада ёришди.
Президентни кузатиб, уйга қайтишимдан кейин ҳеч қанча вақт ўтмай цехимизнинг кадрлар бўйича мутахассиси Мавлуда опа телефон қилди. «Муяссар ҳаммага бирма-бир айтиб чиқдим. Сенларга уй берилганига бошида ишонгандим мен ҳам. Аммо уй йўқ экан. Сизлар актрисалик қилибсизлар», деди. Унинг бу гапларидан шокка тушиб қолдим. Ўша кундан бери хавотир, тинчим йўқ. Умидсизликда яшаш жуда қийин экан.
Бир йил олдин турмуш ўртоғим билан ажрашганман. У беш йил бурун менинг устимга яна уйланиб олган. Бундан ўша вақтда хабар топсам-да, оилам бузилмасин, икки ўғил ва бир қизим етим бўлмасин, эримга инсоф берар, деган ниятда сабр қилиб яшадим. Аммо кўп хўрланиб, қийинчиликда кун кечиришга тоқатим етмади ва оиламизга дарз кетди. Қизлик уйимда икки хонада 15 га яқин одам жуда қийин аҳволда яшаймиз. Ўз Ватаним, болаларим ўқимишли бўлишини истайман. Ҳаёт қийинчиликларини енгиб, 3 фарзандим учун курашишдан асло ортга чекинмайман. Менга ўша намунали уйлар олдида қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирини берамиз, дейишди. Аммо кўнмаяпман. Бизни шу пайтгача нега алдаб келишди? Нима учун Президент келиб-кетгач, уйни яна қайтариб олишди? Эшитишимча, менга деб берилган ўша янги уй ҳозир хусусий боғчага айлантирилибди.
«Йигирма йилдан бери уйсиз яшаймиз»
Тикувчилик цехида ишловчи Шоҳистахон Бакированинг онаси Ширинхон ая Бакирова 20 йилдан бери ижара уйларда яшашини айтди.— Аслида 4 қиз ва бир ўғлим билан кичкина уйда яшардик. Ўғлим уйланиб, 5 фарзанднинг отаси бўлгач, 12 жонга у ер кичкиналик қилди. Фарзандларим бахтини ўйлаб, иложсиз уйни ўғлимга ташлаб, ижара уйларда яшай бошладик. Йигирма йилдан бери шу тарзда кун кўрамиз. 2016 йили ҳокимиятга уй-жой масаласи бўйича мурожаат қилдим. Улардан эса рад жавоби келди. Ҳокимиятнинг уй-жой бўлимида уйга муҳтожлар рўйхатида тураман ҳалигача. Икки нафар қизим турмушидан ажраган. Невараларим билан бирга яшаймиз, — деди Ширинхон ая Бакирова.
«Кўп қаватли уйга кўчмаймиз»
Шоҳистахон Бакирова вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси тикувчилик цехининг 8 ишчисини янги уйларга олиб бориб, уларга биттадан уй ажратиб бергани, у қувонганидан «Ўзбекистон 24» телеканалига интервью ҳам берганини айтди. Шоҳистахон Бакированинг сўзларига кўра, Президент уйига кирган Дилфуза Ҳожиматова исмли аёлгагина уй берилган, қолганларга эса кўп қаватли уйлардан квартира берилиши маълум қилинган.— Онамнинг аҳволини кўриб турибсиз ука. 2-гуруҳ ногирони, юрагида ўсимтаси бор, тез-тез касал бўлади. Уйсизликдан сарсон юриб зерикдик. Мен ҳам уч, тўрт марта операция столида ётганман. Кўз нурларим жуда суст. Шу ҳолатимда Муяссархон ва бошқа қўшни аёллар қатори цехда ишлайман. Барчамиз тенг ва бир хил иш қилганлигимиз учун маошимизда фарқ йўқ. Уч марта мухтожликдан ҳисобчига йиғлаб-сиқтаб жами 300 минг сўм олганимни яширмайман.
Ўтган йилнинг охирида қайсидир вазирликдан Тўхтабой ёки Худойберган исмли (Кейинроқ «Дарё» мухбири Президент маслаҳатчиси Турсинхон Худойбергеновнинг суратини тикувчи аёлларга кўрсатганда, улар 2018 йил охирида айнан у келганини тасдиқлади) одам келиб, бизга бунёд этилаётган янги уйлардан берилишини ҳокимлик вакилларининг олдида айтганди. Орадан уч ой ўтгач, шаҳар хотин-қизлар қўмитасидан Равшаной опа келиб, барчамизнинг цехдаги пулларимиз эндиликда кўп қаватли уйлар учун ўтишини таъкидлади. Бундан ҳайрон бўлиб, «Биз коттеж олишимизга ишониб, ишлаётгандик», десак «Хоҳлаганлар ишласин», деди. Кейин ҳеч қанча вақт ўтмай, Манзура Пазлиддиновна 8 нафаримизни янги уйларга олиб бориб, биттадан ажратиб берди. Мен ҳам қувониб, Наврўздан сўнг «Ўзбекистон 24»га интервью берганман. Ишонмасангиз, канал архивидан изласангиз, чиқиб қолади.
Хуллас, Президент намунали уйларга борган куни кечга яқин у ердан, эртасига эски ижара уйимиздан ҳайдалдик. Кейин Манзура опа билан кўришдик. Унинг ёрдами орқали шу уйда вақтинчалик яшаяпмиз. Деярли ҳар куни ижрочи аёллар келишиб, тезроқ чиқиб кетишлигимизни айтишяпти. 22 май куни Муяссар иккимиз йиғлаб, бировлардан қарз-ҳавола қилиб Президент порталидан ёрдам сўраб, Тошкент сари отландик. У ерда ходимларга бор гапни айтдик ва ташкилот раисининг қабулига ёзиб келиндик. Ой охирида яна борамиз. Нега Президент уйига кирган ва суҳбатлашган аёл — Дилфуза Ҳожиматовага уй бериляпти? У ҳам бошида биз билан рўйхатда эди-ку. Оиламизга бермоқчи бўлган кўп қаватли уйлар августда битаркан. Балкони, канализацияси йўқ бинода кекса онам билан қандай яшаймиз? Бизни нега алдашди бошида? Шунга ҳайронмиз, — деди Шоҳистахон Бакирова.
«Ҳеч нарсага тушунмабман»
Суриштирув давомида, шу маҳалладаги бузилишга тушган уйларда ижарада яшаётган, юқорида суҳбатдошларимиз исмларини зикр этган Хайринисо ая Эрматова ҳамда Зулфия опа Абдувалиевалар билан ҳам қисқа мулоқотда бўлдик. Ҳар иккисининг ҳам оиласида ногиронлиги бор одамлар истиқомат қилишига гувоҳ бўлдик. Бу аёллар ҳам алданганини тан олдию, юрагидаги дардларини ёришни истамади.Тушликдан кейин Хуршида Тиллаеванинг хонадонига қайта кирдик. У эса «Озодлик»ка нима сабаб видео мурожаат йўллашга қарор қилдингиз?», деган илк саволимизгаёқ тили базўр айланиб, «Мен ҳеч нарсага тушунмабман. Бу ерда тушунмовчилик бўлди. Телевидениега онамнинг уйида туриб, интервью берганман. Менга ҳам намунали уй берилади, деб ўйлабман. Аслида эса кўп қаватли уй ажратилиб, иш ҳақимдан тўлов қилинаётган экан», дея жавоб қайтарди. «Айтишларича, яна 6 нафар аёл шерикларингиздан ҳам уйлар олиб қўйилибди. Шу ростми?», деган саволимизга эса жавоб беришни истамади. Қисқаси, Хуршида Тиллаева кун бўйи турли ОАВларга интервью беравериб, чарчаганми, саволларимизга жўяли фикрлар ололмадик.
Шундан сўнг, «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси» МЧЖ кадрлар бўлими бошлиғи Мавлуда Нишоновага сим қоқдик. У саволларимизни гўёки эшитмаганга олиб, Хуршида Тиллаевадан ташқари бошқа аёл ходимларининг уй масаласидаги муаммосидан хабари йўқлигини билдирди. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова билан эса боғланишнинг сира иложи бўлмади.
«Дарё» мазкур мавзуни кузатишда давом этади...
Изоҳ (0)